13.02.2015. Тошкент шаҳрида Кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор 2014 йил давомидаги фаолиятга қаратилди. Қайд этилишича, тизимда айни пайтда 2 та тармоқ келишуви, 39 та жамоа шартномаси амал қилмоқда. Меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликнинг шакл ва услубларини янада ривожлантириш, шартнома ва келишувлар мазмун-моҳиятини давр талаби асосида такомиллаштириш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида аъзолар меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 100 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинишига эришилди.
Ўтган йил давомида тармоқ келишуви ва тизимда корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари орқали 3358 нафар фуқарога ва 1126 та оилага ижтимоий кўмак берилди. Яна бир эътиборли жиҳати, фармацевтика саноати корхоналаридан 10 тасида касаба уюшма ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, 500 нафарга яқин ходим касаба уюшма ҳимоясига олинди.
Мажлисда ишчи-ходимлар учун хавфсиз иш ўринлари яратилиши ва улар меҳнатини муҳофаза қилиш ишларида касаба уюшма ташкилотлари амалга ошириши лозим бўлган вазифалар тўғрисида атрофлича фикр билдирилди. Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар жамоа шартномаларида ходимларга зарур меҳнат шароитини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар учун 25,2 млрд. сўм маблағ сарфланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлисда қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.