14.02.2015. Cамарқанд вилоятининг Ургут туманида “Спорт-саломатлик гарови” республика спартакиадасининг туман босқичи қизғин баҳсларга бой бўлди. Иқтисодиётнинг тармоқларида соҳа ривожига хисса қўшиб келаётган ходимлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда пешқадамлар аниқланди. Хусусан, эркаклар ўртасидаги шахмат мусобақаларида мутлоқ ғолиблик 9-мактаб ўқитувчиси Иброҳим Раҳимовга насиб этган бўлса аёллар ўртасида Барно Нормуродова барчадан устун келди.
Волейбол мусобақасида бешта жамоани ортда қолдирган 7-мактабнинг “Чинор” жамоаси мусобақанинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, стол тенниси, бадминтон мусобақаларида ҳам таълим тизими вакилларидан Мунира Бобоева, Умид Усмонов, Шахло Бобомуродовалар эпчил ва чаққонликларини кўрсатдилар.
Спартакиада турли тармоқ ходимларини бир ерга жамлади.
– Бўш вақтларимда ақлни чархлаш машғулотлари билан шуғулланаман, – деди Ургут туман Халқ банки ходими Фаризода Мажидова. – Бу гал шашка ўйнаб барчани ортда қолдирдим.