02.03.2015. Институтимизда ёшларнинг чуқур билим олиши, етук ва баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шароит мавжуд. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 апрелдаги “Бухоро муҳандислик технология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қароридан сўнг олий ўқув юрти ўзгача қиёфа касб этди. Ҳозирда учта замонавий ўқув-лаборатория биноси, иккита талабалар тураржойи бўлажак мутахассислари хизматида.
Ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти ва институт маъмурияти ўртасидаги жамоа шартномаси орқали ижтимоий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган даврда профессор-ўқитувчилардан 14 нафари Европа ва МДҲ мамлакатларида, жорий йилда эса 8 нафар олими Полша ва Испанияда ўз билим ва малакаcини ошириб қайтишди.
Жамоа шартномасига мувофиқ барча ходим ва талабалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, давоталабларга “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси томонидан 2 млн. сўмлик бепул дори-дармон ажратилди. Эҳтиёжманд, ногирон талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ўрнатилган ҳамкорликка биноан, талабаларнинг шартнома тўлови учун йил давомида 68 млн. сўм ҳомийлик маблағи туширилди. Профессор-ўқитувчиларнинг ёзги таътилда соғлигини тиклаши учун 10 фоизли йўлланмалар ҳисобидан 25 та, ижтимоий суғурта маблағи ҳисобидан 20 та имтиёзли йўлланма ажратилди. Касаба уюшмаси қарори билан жорий йил 1 январидан 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба учун якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобидан бепул тушлик ташкил этилди.
Талабаларнинг тураржойи учун йиллик тўлов вилоятдаги бошқа олий ўқув юртларига нисбатан 50 фоизга арзонлаштирилди. Узоқ вилоятлардан ўқишга қабул қилинган талабаларга 20 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди. Бевосита касаба уюшмаси аралашуви билан 1 нафар талабанинг болаликдан ногиронлик ва 2 нафар талабанинг чин етимлик ҳуқуқлари тикланиб, давлат томонидан белгиланган қўшимча тўловлар тўлана бошланди.
Илм даргоҳида талабаларнинг фанларни пухта ўзлаштириши кўплаб қўшимча жиҳатларга боғлиқлиги ҳисобга олиниб, спорт билан шуғулланиш учун етарли шароитлар яратиб қўйилган. Замон талабига жавоб берадиган спорт заллари ва майдонлар мавжуд. Бунинг ижобий натижалари амалда намоён бўлмоқда. Айни пайтда ўндан ортиқ талаба спортнинг бир қатор турлари бўйича мамлакат, Осиё ва жаҳон чемпионларидир.
Кўп нарса муҳит ва шароитга боғлиқ. Ушбу ақидадан келиб чиққан ҳолда, имкониятларни янада яхшилаш устида изланмоқда.