17.03.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш йўналишида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, шу мақсадда меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилиб, касб касалликларининг олди олинмоқда. Спортнинг оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, оилавий спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида, айниқса, қишлоқ жойларида спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақалар, тармоқлараро спартакиадалар, оилавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, уларга турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар кенг жалб этилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жорий йилда ўтказилаётган “Спорт – саломатлик гарови” республика спартакиадасида 6 миллиондан ортиқ турли соҳа ходимлари иштирок этдилар.
Таъкидлаш зарурки, “Спорт – саломатлик гарови” республика спартакиадаси 4 босқичда спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат, шашка, бадминтон ва сузиш турлари бўйича ўтказилди. Унинг 1-босқичи корхона, ташкилот ва муассасаларда, 2-босқичи туман ва шаҳар миқёсида, 3-босқичи вилоят миқёсида ўтказилиб, уларга Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар қамраб олинди.
Спартакиаданинг куйи босқичлари 30 минг 500 га яқин корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 6 млн. 88 минг нафардан ортиқ меҳнаткашларни қамраб олган 380 минг 525 та жамоа иштирок этди. Қуйи босқичларда сараланганлар спартакиаданинг Республика босқичига йўлланма олдилар.
Республика финал босқичи 4 та худудда – Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилди. Ҳақиқий спорт байрамига айланган мазкур мусобақаларда республикамизнинг барча худудларидан ғолиб бўлган 252 нафар турли соҳа ходимлари дўстона куч синашдилар.
Спартакиада мусобақаларида қўшимча тарзда “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” каби номинациялар ҳам таъсис этилди.
Қизғин руҳда ўтган беллашувларнинг барча ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати