19.03.2015. Наманган вилояти насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармасида бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда бошланғич ташкилотнинг 2010 йил февралидан 2015 йил март ойигача бўлган даврдаги фаолияти таҳлил этилди.
Анжуманда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси И.Шарофиддинов, тармоқ касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши раиси З.Ҳожиматова ҳамда НСЭ ва АБ бошлиғи Г.Занжиров, ташкилот ишчи-ходимлари қатнашди.
Таъкидландики, ҳисобот даврида жамоа шартномасига ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритиш ва уларнинг ижросини таъминлаш қўмита аъзоларининг доимий диққат марказида бўлди.
– Асосий эътиборимизни ишловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, бошқармада меҳнат қонунчилигини таъминлаш, меҳнат муҳофазасини назорат қилиб бориш, аъзолар ўртасида маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ишларини талаб даражасига кўтаришга қаратдик, – деди ўз маърузасида касабақўм раиси, айни пайтда яна бир бор жамоадагилар ишончи зиммасига юкланган, “Эҳтиром” нишони соҳибаси Замира Ибрагимова.
Бугунга келиб бошқарманинг жамоа шартномаси аввалгилардан тубдан фарқ қила бошлади, унга ёшлар ва аёллар учун имтиёзлар кўзда тутилган алоҳида бўлимлар, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига амал қилинишини таъминлашга қаратилган бандлар киритилди.
Ишловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурият билан касаба уюшма қўмитаси ўртасида тузилган жамоа шартномаларининг аҳамияти катта бўлди. Эҳтиёжманд ёш оилалар вакилларига, фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача тўлгунга қадар ёш оналарга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Камхарж, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун дарслик, ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қисман қоплаб берилди. Ёрдамчи хўжаликда етиштирилаётган маҳсулотларнинг 50 фоизи бошқарма ишчиларига бепул берилди.
Ишлаб пенсияга чиқаётган 202 нафар ходимга ҳамда 68 нафар ходимнинг яқин қариндоши вафот этганида корхона ҳисобидан бир ойлик маоши миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди. Шунингдек, 12 нафар ходимнинг уйланиши, турмушга чиқиши, фарзандининг никоҳ ва суннат тўйлари муносабати билан корхона ҳисобидан ойлик маошининг икки баробари микдоригача бир марталик кўмак кўрсатилди.
19.03.2015. Шунингдек, иш ҳақи тўланиши, жамоа шартномасида белгиланган мукофотлаш, рағбатлантириш, қўшимча тўловлар, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасини таъминлашга доир маблағларнинг мақсадли сарфланиши назорат қилиб борилди.
Бошқармада, туман ишлаб чиқариш бўлимларида иш ташкил этиш ва юритишда меҳнат қонунчилигига амал қилиниши назорат қилиниб, ходимлар ҳуқуқий билимини ошириш учун давра суҳбати, семинарлар ташкил этилди. Меҳнат қонунчилигини таъминлашда муайян ишлар амалга оширилиб, аввало эътибор мазкур масаладаги меъёрий ҳужжатларнинг касаба уюшма аъзолари томонидан ўрганилишини таъминлашга қаратилди. Жумладан, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меъёрий ҳужжатлари тўплами каби услубий қўлланмалар ўрганилишига эришилди.
Ишловчилар билан тузилган меҳнат шартномаларининг меъёрий ҳужжатлар талабига жавоб бериши, меҳнат дафтарчаларининг юритилиши юзасидан мунтазам назорат ўрнатилиб, зарур маслаҳатлар берилди. Ишловчиларнинг хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши таъминланди. Айниқса, бошқармага янги ишга қабул қилинган ва мавсумий ишловчилар билан меҳнат шартномаси тузилиб, иш бошлашдан аввал бу борада алоҳида суҳбатдан ўтказиш йўлга қўйилди.
Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, яратилган иш ўринлари орқали эҳтиёжманд оилалар моддий аҳволини яхшилаш мақсадида 2013 йил касаба уюшма қўмитаси маблағи ҳисобидан бошқармада иссиқхона ташкил этилгани ҳам эътиборга молик.
Касаба уюшма ташкилотининг муҳим вазифаларидан яна бири, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришдир. 2010-2014 йилларда Сув хўжалиги шифохонасида 200 нафардан ортиқ, “Ирригатор” профилакторийсида 250 нафар ишчи-хизматчи ва уларнинг оила аъзолари соғлиги тикланди. Ходимлар фарзандларидан 160 нафари оромгоҳларда дам олдирилди. 45 нафар ишчи-ходим республика санаторийларида ҳордиқ чиқарди.
Меҳнаткашларни юртимиздаги қадимий шаҳарлар билан таништириш, уларда тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат, шукроналик ҳисларини кучайтириш мақсадида 28 нафар ходимнинг қадимий Самарқанд, Бухоро шаҳарларига саёҳати уюштирилди.
Конференцияда бундан буён ҳам ходимлар манфаатини ифодалаш устуворлик касб этиши таъкидланди.