19.03.2015. “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖда бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Танзила Нарбаева ва Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Қутлимурод Собиров иштирок этди.
Тадбир аввалида Т. Нарбаева 2001 йилда ўз фаолиятини бошлаган йирик ишлаб чиқариш тармоғида ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда мазкур заводдаги 21 та цехда айни пайтда 1000 нафардан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда. Уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси талабларининг тўлақонли амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Ҳисобот-сайлов конференциясида завод касаба уюшмаси қўмитасининг 2013 йил февралдан 2015 йил февралгача бўлган давр мобайнидаги фаолияти якунлари тўғрисида касаба уюшма қўмитаси раиси Аваз Абдуллахўжаевнинг ҳисоботи тингланди. Унда таъкидланишича, ҳозирги кунда завод маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг самарали ижтимоий шерикликлиги натижасида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида 2014 йил давомида 22 та янги йўловчи вагон қурилди, 461 та йўловчи вагон таъмирланди, ушбу кўрсаткич 2013 йилга нисбатан 10 фоизга ортиқдир.
Албатта, бу ишлар замирида меҳнат жамоасининг фидокорона меҳнати ётади. Шу боисдан уларни ҳар тарафлама рағбатлантириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласи касаба уюшма қўмитаси ва корхона маъмуриятининг диққат марказидадир.
Ҳисобот-сайлов конференциясида Т. Нарбаева сўзга чиқиб, бугунги кун касаба уюшмалари олдига қўйилган устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
– Касаба уюшмаларининг асосий мақсадларидан бири – касаба уюшма аъзоларининг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, инсон манфаатларини таъминлаш борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликни кучайтиришдир, – деди жумладан Т. Нарбаева. – Шу маънода “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти ижтимоий масъулиятли корхоналардан бири десам, муболаға бўлмайди. Заводда бундан кейин ҳам ишчи-ходимларнинг меҳнат қонунчилигига доир билимларини ошириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришдаги саъй-харакатларни янада изчиллик билан давом эттириш лозим.
Шу мақсадда касаба уюшма ташкилоти ролини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Конференцияда корхона маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклигининг натижалари таҳлил этилди. Хусусан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари иш берувчи ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси ижтимоий шериклигида мустаҳкам ҳимояга олингани таъкидланди. Жамоа шартномасида ходимлар даромадларини ошириш, уларга қўшимча меҳнат таътиллари бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Бу борада меҳнат муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратилган, ушбу йўналишда фаоллик кўрсатаётган ходимларни касаба уюшмаси қўмитаси томонидан рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган.
Ижтимоий шериклик асосида олиб борилган ишлар натижасида сўнгги икки йил мобайнида ходимларнинг ойлик маошлари ўсишига эришилган ва бирор марта ҳам иш ҳақини кечиктириш ҳолатларига йўл қўйилмаган. Акциядорлик жамиятида иш ўринларининг барқарорлиги доимий равишда таъминланиб келинмоқда, шунингдек, бугунги кунда 32 нафар касаначилар ишлаб келмоқда. Корхонада ходимлар доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказиб келинмоқда. Уларни махсус кийим-бош ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилган.
2013-2014 йиллар давомида акциядорлик жамиятига 12 нафар талаба ва 37 нафар коллеж битирувчиси ишга жойлаштирилиб, тажрибали устозларга бириктирилган.
Акциядорлик жамиятида ишчи-ходимларни доимий равишда рағбатлантириб борилмоқда. Ҳисобот даврида 26 нафар ходим «Фахрий ёрлиқ» билан, 25 нафари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган, 969 нафар ходим моддий рағбатлантирилган. Заводда ишлаб, пенсияга чиққан 134 нафар ходимга 44,2 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Ишчи-ходимлардан 32 нафари санаторийларда, 37 нафари санаторий-профилакторийда дам олдирилган.
Ҳисобот-сайлов конференцияси сўнгида делегатлар томонидан бир овоздан А. Абдуллахўжаев “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитаси раислигига сайланди.