09.04.2015. Фарғона шаҳрида шоссе бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларда юртимиз спортчилари билан бирга, Россия ва Қозоғистон вакиллари ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар дастлаб “Фарғона-тур” очиқ баҳсларида ўзаро кураш олиб борди. Икки кун мобайнида турнир ғолиблари аниқланди. Маррага биринчи бўлиб етиб келган Тошкент вилояти вакили Глеб Горбачёв ҳаммадан устунлигини исботлади. Иккинчи ўрин Ренат Каримовга насиб этди.
— Мусобақалар юқори савияда ўтди, — дейди Велоспорт федерацияси бош котиби Руслан Михайлов. — Баҳсларда Осиё ва мамлакат чемпионлари, 70 нафарга яқин спортчи ўзаро куч синашди.
Ўзбекистон очиқ чемпионатида ҳам Глеб Горбачёв ғолибликни қўлга киритди. Темур Гумиров ва Ренат Каримов кейинги ўринларни эгаллади.
Мусобақа ғолиблари Велоспорт федерацияси, Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Навбатдаги мусобақалар 12-16 апрел кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Унда ўсмирлар ўзаро баҳс олиб боради.