13.04.2015. Ўзбекистон Фанлар академияси бирлашган касаба уюшма қўмитаси таркибидаги энг йирик бошланғич ташкилот ҳисобланган Ядро физикаси институти касаба уюшма ташкилотининг 2010 йил март ойидан — 2015 йил апрел ойигача бўлган давр мобайнида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Зайниддин Муродов раислик фаолияти мобайнида амалга оширган ишлари хусусида маъруза қилди. Эҳтиёжманд оила вакилларидан 316 тасига 130 млн. 890 минг сўмлик, жумладан, касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан 17 млн. 485 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилгани таъкидланди. Шунингдек, ходимлар соғлигини тиклаш учун ЎзКУФК қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфидаги санаторийларга 40 та имтиёзли йўлланма олиб берилган, байрамлар муносабати билан 700 нафарга яқин ишчи-ходим ижтимоий-иқтисодий ва маънавий қўллаб-қувватланган.
Сўзга чиққанлар қўмита раиси Зайниддин Муродов Федерация кенгашининг “Эҳтиром нишони” билан бежиз тақдирланмагани хусусида ҳам гапириб ўтишди. Институт касаба уюшма қўмитасининг ўтган даврдаги иш фаолияти қониқарли деб топилиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган масалалар тўғрисида қарор қабул қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси Шахбоз Сайитхонов, ЎзФА бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Шерзод Жўраев иштирок этди.