Кексаларин эъзозлаган юрт
17.04.2015. Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда яқинлашиб келаётган умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Кексаларин эъзозлаган юрт” номли маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Самарқанд шаҳридаги “Нодир Самарқанд” меҳмонхонасида ўтказилган тадбирга 120 нафардан ортиқ нуроний отахон ва онахонлар ташриф буюрдилар.
Тадбирда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиром, ёши улуғ инсонлар ҳаёт даражасини ошириш ва саломатлигини янада мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар, мазкур жараёнда касаба уюшмаларининг иштироки тўғрисида алоҳида тўхталинди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар самараси хусусида сўз юритилди.
– Жорий йилда касаба уюшмалари санаторийларида 150 нафар ишловчи кексалар бепул, 206 нафар пенсионерлар эса фарзандларининг иш жойидаги касаба уюшмалари томонидан бериладиган йўлланмалар орқали имтиёзли равишда соғломлаштирлади, – деди жумладан Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Фарҳод Хидиров. Бундан ташқари Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, отахон ва онахонларнинг уйларига ташриф буюрилиб, ҳолларидан хабар олинмоқда. Дори-дармонлар билан таъминлаш, уй-жойларини таъмирлаш, коммунал тўловларни тўлашда ижтимоий кўмак берилмоқда.
Тадбир дориасида вилоятда истиқомат қилаётган 60 нафар отахон ва онахонларга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул ҳамда имтиёзли йўлланмалар топширилди. Шунингдек 40 нафар кексаларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканларга саёҳатлари ташкил этилди. 40 нафар ёши улуғ инсонлар Бухоро шаҳрига олиб борилиб, улар учун Хўжа Баҳовуддин Накшбанд мажмуаси, Ситораи Моҳи Ҳоса ва Арк қўрғони бўйлаб саёҳатлар уюштирилди. Шунингдек, улар Бухорода мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида ташкил этилган концерт дастури отахон ва онахонлар кўнглига ҳузур бағишлади.