Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш бўйича республика кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш бўйича республика кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Ушбу танлов ташкилий-ҳуқуқий, мулк шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасалар, жамоат бирлашмалари, шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмиталари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ўртасида ўтказилади.
Шу мақсадда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2015 йил 5 февралдаги қарори билан “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови тўғрисида Низом” тасдиқланган бўлиб, унда танловни ўтказиш тартиби белгилаб берилган.
Кўрик-танловни ўтказишдан мақсад меҳнат муҳофазаси масалаларига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини оширишдир.
Кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган барча корхона, ташкилот ва муассасалар жорий йилнинг 1 мартига қадар Низомнинг 4.3-бандида назарда тутилган ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари кенгашларига тақдим этишлари лозим.
Кўрик-танловнинг 1-босқичи жорий йилнинг 15 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона, ташкилот ҳамда муассасалар ўртасида “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил” номинациялари бўйича ўтказилади.
Ҳар бир тармоқ бўйича аниқланган энг яхши корхона, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил 1-босқич ғолиби деб топилади ва кўрик-танловнинг 2-босқичига йўлланма олади. Мазкур босқичда жорий йилнинг 1 апрелига қадар ҳар бир номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари (жами 9 та) аниқланади.
Кўрик-танловнинг якуний 3-босқичи “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил” номинацияларида 1-ўринни эгаллаган ишлаб чиқариш ва ноишлабчиқариш тармоқларидаги корхоналар ўртасида жорий йилнинг 20 апрелига қадар ўтказилади. Мазкур 3-босқичга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши комиссияси якун ясайди. Унда ҳар бир номинация бўйича 1, 2, 3-ўринни эгаллаган ишлаб чиқариш корхоналари (жами 9 та) ҳамда ноишлабчиқариш корхоналари (жами 9 та) аниқланади.
Ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни арафасида тантанали равишда тақдирланади.