27.04.2015. Юртбошимизнинг “1941-1945-йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони кексаларга бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин намунасидир. Бундай савоб ишларга мамлакатимизда йил сайин эътибор кучайиб бормоқда. Ўзбекистонда кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак” деган шиор ҳар бир инсоннинг кундалик шиорига айланиб бормоқда. Зеро, кексаларни эъзозлаган, улар ҳурматини жойига қўйган эл ҳеч қачон кам бўлмайди.
Мазкур йўналишдаги ишларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами олдидан ҳудудларда “Касаба уюшмалари — фахрийларга” анъанавий акцияси ўтказилиб, унинг доирасида ёши улуғ инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул ва имтиёзли соғломлаштириш, уй-жойларини таъмирлаш ва коммунал тўловларни қоплаб бериш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Беруний туманларида худди шундай тадбирлар ташкил этилди. Мазкур тадбирлар доирасида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 20 нафарига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши томонидан ажратилган манзилли ёрдам етказилди. Кекса отахон ва онахонлар учун ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда уларнинг бой ҳаётий тажрибалари тўғрисидаги ҳикоялар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, акция доирасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси ва туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳининг уйларини таъмирлаш ҳамда хонадонларидаги томорқаларини обод этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
— Бу каби эзгу ишлар “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида амалга оширилмоқда, — дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмасининг Қорақапоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Қалжон Бекманова. — Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида ўзларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва эъзоздан барча уруш ва меҳнат фахрийларининг боши осмонга етиб, инсонга эътибор олий қадрият ҳисобланган диёримизнинг янада обод бўлиши, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг абадий бўлишини тилаб, дуога қўл очмоқдалар. Мана шундай ҳур Ватанда яшаётганлари учун шукроналар айтмоқдалар.
Бундай тадбирлар Республикамизнинг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати