[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.04.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган “Меҳнат муҳофазаси соҳасида профилактика маданиятини биргаликда юқори даражага кўтарамиз” мавзусида Давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефткимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига кирувчи корхоналар, ҳамкор ташкилотлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган бир қатор халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида  мамлакатимизда ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларига эътиборнинг йил сайин кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, ходимларга нормал меҳнат шароитларини яратиш, корхона ва ташкилотлардаги меҳнат муҳофазаси ҳолатини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, мамлакатимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ барча соҳаларда техник ва технологик янгиланиш ва модернизация ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш маданиятини ривожлантириш масалалари илгари суриб келинмоқда. Шунингдек, режали равишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишлари олиб  борилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши фаолиятининг устувор йўналишлари қаторидан ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва бунда албатта асосий эътиборни профилактика ишларига қаратиш масаласи алоҳида ўрин олган. Шу боис ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Федерация Кенгаши ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларида Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тизими ишга туширилди. Улар фаолиятининг асосий мезони этиб меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ва иш берувчилар масъулиятини янада ошириш масалалари белгиланган.

Натижада, бошланғич касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши билан бир қаторда, санитария-гигиена талабларига риоя этиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш бўйича самарали натижаларга эришилаётганини таъкидлаш жоиз. Жамоа шартномалари орқали ижтимоий-маиший объектларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ходимлар тегишли тартибда махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланмоқда.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида «Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури» ишлаб чиқилиб, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланди. Мазкур ҳаракат дастури ижросини таъминлаш ҳамда мониторинг қилиб бориш мақсадида Федерация Кенгаши қошида тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат Идоралараро ишчи гуруҳ тузилди

Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга оид норматив-ҳуқуқий негизнинг такомиллаштириб борилиши натижасида қатор масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал этиш имкони яратилганлиги алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашда давлатнинг энг яқин ижтимоий ҳамкори ҳисобланган касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталинди.

Мазкур йўналишлардаги ишларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида  имзоланган Бош келишувнинг муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Ушбу ҳужжат асосида ҳудудий ва тармоқ келишувлари ҳамда энг қуйи бўғинда амалда қўлланилаётган жамоа шартномалари орқали  ходимлар меҳнати муҳофазасини кучайтириш имкони кенгайиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, қатор тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари иштирокида тузилган жамоа келишувларига меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган салмоқли тадбирлар киритилиб, амалий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, ўтган йили ташкилот ва муассасаларнинг жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси йўналиши бўйича 518 886 та чора-тадбирлар амалга оширилишига эришилди. Ушбу мақсадларга108,6 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, тармоқлар кесимида корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга доир аниқ мақсадга қаратилган дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Тармоқ ва ҳудудий келишувларга қўшимчалар киритиш бўйича ўтказилган экспертизалар самараси ўлароқ корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, ходимлар саломатлигини сақлаш ва уларни бахтсиз ҳодисалардан асрашга қаратилган талаблар кучайтирилди. Шунингдек, мазкур тадбирларнинг амалга оширилишини иш берувчилар ва уларнинг тегишли юқори бошқарув идораларидан талаб қилиш асослари яратилди. Бундан ташқари Тиббий меҳнат эксперт комиссиялари ишида касаба уюшмалари вакилларининг иштироки таъминланмоқда.

Давра суҳбатида ходимлар меҳнати муҳофазасини самарали таъминлашда давлат, касаба уюшмалари, иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги самарасини кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Ходимлар меҳнати муҳофазасини кучайтиришда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Давра суҳбатида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профилактика маданиятини биргаликда юқори даражага кўтариш борасидаги фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунингдек, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, уларнинг манзиллилигини ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги халқаро тажрибалар билан  ўртоқлашилди.

Давра суҳбати доирасида хўжалик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмаларининг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида  Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови” ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Маълумки, мазкур Республика кўрик-танлови ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинациялари бўйича ўтказилди. Танлов якунларига кўра ишлаб чиқариш тармоғи бўйича биринчиликни:

“Энг яхши корхона” номинациясида Тошкент вилоятидаги “GM Powertrain-Uzbekistan” акциядорлик жамияти қўшма корхонаси;

“Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича Тошкент вилоятидаги “Максам-Чирчик” акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси;

“Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинацияси бўйича Андижон вилоятидаги “Уз Донг Вон Ко” ёпиқ акциядорлик жамияти қўшма корхонасининг меҳнат муҳофазаси бўйича вакили Муродил Арзиев қўлга киритди.

Ноишлаб чиқариш тармоқлари бўйича ғолибликни:

“Энг яхши корхона” номинацияси бўйича Қашқадарё вилоятидаги “Асака” давлат акциядорлик тижорат банки;

“Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича Наманган вилояти, “Учқўрғон педогогика коллежи” касаба уюшма қўмитаси;

 “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинациясида “Инкассация хизмати” давлат унитар корхонаси Хоразм вилоят бошқармасининг меҳнат муҳофазаси бўйича вакили Сарвар Абдуллаев қўлга киритди.

 Тадбирда таъкидланганидек, мазкур кўрик-танлов жамоатчилик назорати бўйича олиб борилаётган ишларни сифати ва самарадорлигини ошириш, меҳнатда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олишда муҳим омиллардан бири бўлмоқда.

Давра суҳбати якуни бўйича ходимларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратилишида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга оид резолюция қабул қилинди.

Тадбир доирасида меҳнат муҳофазасининг самарали таъминланишида муҳим омил бўлган махсус кийим-бош ва индивидуал ҳимоя воситалари кўргазмаси ташкил этилди.

Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган мазкур турдаги Давра суҳбатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати