09.06.2015. Айни кунларда ҳудудларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови қизғин давом этмоқда.
Жорий йилнинг 4 июнь куни Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармасида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг 1-босқичи бўлиб ўтди. Унда корхонадаги энг фаол ва билимдон ёш мутахассислар иштирок этдилар. Беллашувлар ёш мутахассисларнинг ўз касб йўналишларида ўзаро баҳс ва мунозаралар юритиши билан бирга фикр ва тажриба алмашишлари учун ҳам имконият яратди.
– Мазкур танлов ёш мутахассисларда ўзлари танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини кучайтириб, инновацион ғоя, лойиҳа ва ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиш, бу орқали ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшма кенгаши раиси ўринбосари Рустам Шарипов. – Корхонамиз мутахассислари танловнинг республика босқичига ҳам чиқадилар деб умид қиламиз.
Танлов ғолибларини аниқлашда ёш мутахассислар илмий фаолиятининг долзарблиги, давлат илмий-техник дастурларидаги фаол иштироки, ихтиролари, илмий-техник ишланмалари, улар фаолиятида янги технологияларнинг амалиётга жорий этилганлиги, муаллифлик гувоҳномалари, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳамда республика даражасидаги ютуқлари асосий мезон бўлди.
Биринчи босқич натижаларига кўра Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармаси етакчи мутахассислари Ойбек Ашуров, Элбек Холбоев, Фахриддин Эшматов, Дилшод Пулатов, Ёркинжон Сафаров ғолиб деб топилиб, навбатдаги босқичга йўлланма олдилар.
Танлов ғолиблари ва совриндорлар Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.