24.06.2015. Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Истиқлол йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу жараёнларда болаларни ёзги соғломлаштириш жараёни муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳукумат даражасида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси” болаларни соғломлаштириш ишлари самарадорлигини янада оширди. Чунки, мамлакатимизда болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда болалар оромгоҳларининг фаолият йўналишларини шаклан ва мазмунан бойитиш имконини берган мазкур дастурий ҳужжат бу борадаги ишлар сифатини янги босқичга кўтариш билан бирга ёш авлод вакилларини соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини ҳам кенгайтирди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистоннинг бошқа ҳеч бир мамлакатга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаморликдаги имкониятларини йўналтириш амалиёти бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ушбу масъулиятли жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнаткашлар фарзандларининг мазмунли ҳордиғини ташкил этиш масаласига алоҳида ёндошилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 50 минг нафардан ортиқ фарзандлари бепул дам олдириш билан қамраб олинмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилди. Ушбу оромгоҳда мавсум давомида Республика миқё “Билимлар беллашуви” ҳамда фан олимпиадалари ғолиблари бўлган 500 нафар иқтидорли ўғил-қиз касаба уюшмалари томонидан бепул соғломлаштирилади. Айни кунда оромгоҳ 300 нафар иқтидорли ўғил-қизларни ўз қучоғига олган.
Жорий йилнинг 23 июнь куни мазкур Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи 1-навбатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари, таниқли олимлар, устоз ва мураббийлар иштирок этдилар.
“Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳи очилишида иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясига қаратилаётган эътибор, ўқувчиларнинг етарли билим олиш билан бирга мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун яратилаётган кенг имкониятлар алоҳида таъкидланди. Айниқса ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга бўлган эътиборнинг йил сайин кучайиб бораётгани эътироф этилди.
– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида энг яхши деб топилган ғолиблар – 250 нафар билимдон ўқувчилар “Касаба уюшмалари болаларга” акцияси доирасида бепул йўлланмалар билан таъминланиб, оромгоҳимизнинг 1-навбатида имтиёзли ҳордиқ чиқармоқда, – дейди Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Йўлчибой Раҳимжонов. – Бу масканда уларнинг жисмонан чиниқишлари, маънавий камол топишлари ва ўз билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, бой китоб заҳирасига эга бўлган кутубхона, Интернет тармоғига уланган компютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, энг замонавий услубларда барпо этилган ложувард сузиш ҳавзаси, қулай ва шинам ётоқхоналар, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланаётган ошхона болажонлар хизматида.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан оромгоҳда болажонларнинг ҳар бир дақиқалари мазмунли ўтиши учун бор имкониятлар ишга солинган. Айниқса, бу масканда фаолияти йўлга қўйилган тўгараклар, хусусан, “Инглиз тили” тўгараги барча зарур воситалар билан таъминланиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий машғулотлар билан қамраб олинмоқда. Оромгоҳга иқтидорли болалар билан бирга юқори педагогик маҳорати орқали ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг яхши устозлар ҳам жалб этилган.
Болажонлар учун турли фанлар йўналишлари бўйича маҳорат дарслари, ижодий ўқув машғулотлари, викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, таниқли фан арбоблари, олимлар, адабиёт ва санъат намоёндалари иштирокида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар, маҳорат дарслари йўналишидаги мулоқотлар ўғил-қизларда катта таассурот қолдирмоқда.
Республика Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи очилишига бағишланган тантанали тадбирда оромгоҳда дам олаётган болажонлар иштирокида “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” деб номланган маданий-маърифий дастур намойиш этилди. Иқтидорли болажонлар ўқиш жараёнида эришаётган ютуқлари учун Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдирландилар.
Тадбирга йиғилган барча болажонлар кўзида порлаган қувонч, улардаги теран фикр ва шижоат мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлар натижаси эканлигини яна бир бора намоён этди. Зеро, жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак интеллектуал билим ва салоҳиятга эга ўғил-қизлар буюк келажагимизнинг эртанги эгаларидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати