27.06.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида 27 июнб – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни касб байрами муносабати билан фаол ва фахрий журналистларни рағбатлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга айни кунда матбуот, Ахборот агентликлари, телевидение ва радио, интернет нашрларида фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари, кўп йиллар давомида ОАВда фидокорона меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий журналистлар ҳамда ёш талаба журналистлар таклиф этилдилар.
– Фидокорона касб эгалари бўлган барча соҳа ходимларини касб байрами билан самимий қутлаймиз, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева. – Эл-юрт манфаати ва Ватанимиз салоҳиятини бундан-да юксакларга кўтариш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда янги зафар ва муваффақиятлар тилаймиз. Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари, барча соҳа ва тармоқларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларнинг мазмун-моҳиятини, Давлат дастурларининг ижобий самараларини кенг жамоатчиликка етказишга, юртдошларимиз, айниқса, ёшлар онгига янада чуқурроқ сингдиришга, муносиб ҳисса қўшиб келаётган журналистлар, техник ходимларни, соҳада кўп йиллар меҳнат қилган журналистика фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва камтарона рағбатлантиришдирМамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич, аниқ мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Истиқлол йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолияти, уларда меҳнат қилаётган ходимлар малакасига эътибор кучайтирилиб, фаолият самарадорлиги оширилди. Бу эса жамиятда ОАВ ролини кучайтириш, унинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаяпти. Шунингдек, барча соҳалардаги туб ўзгаришларнинг очиқлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда кейинги йилларда ОАВга илғор ахборот-коммуникация технологиялари, инновациялар жорий этилиб, қатор имтиёз ва қулайликлар яратилгани, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилганлиги алоҳида қайд этилди. Бунинг натижасида оммавий ахборот воситаларининг сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ўзбекистон телеканалларининг дастурлари эса глобал тармоқ орқали реал вақт режимида дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори оммавий ахборот воситалари, матбаа, нашриёт корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотлари фаолиятини замон талаблари даражасида ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бу орқали уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кучайтиришда муҳим роль ўйнаяпти.
Мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка етказишда телевидение ва радио, нашриёт ва матбуот ходимлари алоҳида ўрин тутади. Журналистларнинг Ватанимиз Мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларни миллий ва халқаро даражада кенг жамоатчиликка етказиш, холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш борасидаги шарафли ва масъулиятли фаолияти эътиборга лойиқ. Шу боис мамлакатимизда соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам матбаот ва ОАВ ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан журналистика соҳасида “Инсонга наф келтириш – олий бахт” Республика танлови ўтказилиши анъанага айланди. “Олтин қалам” Миллий мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти” танловлариида фаол иштирок этилмоқда.
Эътиборли тарафи шундаки, касб байрамига бағишланган тадбирга соҳада кўп йиллар фидоийлик билан меҳнат қилган устоз журналистлар билан бирга талаба журналистлар ҳам таклиф этилди. Мақсад – бой ижодий тажрибага эга бўлган фахрий журналистларнинг ёшларга ибрат бўлгулик тажрибалари билан ўртоқлашишдир.
Тадбирда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни миллий ва халқаро даражада кенг жамоатчиликка етказишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол журналистлар ҳамда соҳа фидойилари бўлган фахрий журналистларга улар меҳнати эътирофи сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, тадбир доирасида ёш журналистлар малакасини оширишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши нашри бўлган “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти қошида ташкил этилган “Маҳорат мактаби” тингловчиларига махсус сертификатлар топшириш маросими ҳам ўтказилди.
Таъкидлаганидек, мамлакатимизда журналист кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилдаги “Журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Бугунги кунда соҳа ходимларини тайёрлашда Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети журналистика факултетлари ҳамда Нукус давлат университети журналистика бўлими етакчилик қилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши нашри бўлган “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти қошида “Маҳорат мактаби”ни ташкил этишдан мақсад – назариянинг амалиёт билан уйғунлашувига кўмаклашиш, талабаларни қўллаб-қувватлаш, маҳорат ва малакасини ошириш, таҳририятга ёш кадрларни жалб этишдир. Мазкур Маҳорат мактаби тингловчиларига таҳририят фаолиятидан келиб чиққан ҳолда 3 ойга мўлжалланган махсус дастур асосида семинар ва амалий машғулотлар ўтказилади. Машғулотлари йилда икки марта: сентябр-ноябр ҳамда март-май ойларида ташкил этиб келинмоқда.
Жорий йил март-май ойларида Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети журналистика факултетларининг 8 нафар талабаси ушбу машғулотларда фаол қатнашиб, газеталар саҳифаларида ўз материаллари билан иштирок этдилар.
Уч авлод учрашувига айланган тадбир сўнгида Маҳорат мактабида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон Миллий Университети ҳамда Ўзбекистон Жаҳон тиллари Университети журналистика факультетларининг 6 нафар фаол талабаларига махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Устоз ва талаба журжурналистлар мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар тўғрисида тўлқинланиб сўзладилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати