[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

No images found in the content.

08.07.2015. Жорий йил Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида масъулиятли палла – ҳисобот-сайлов конференциялари давом этяпти. Ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинаётир. Яъни, қозонда бори чўмичга чиқадиган вазиятда ютуқлар эътироф этилиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилмоқда.

Федерация тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловлар юқори савияда ўтказилганидан ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилгани аён бўлди. Чунончи, аъзо ташкилотларга ҳар томонлама услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йилда Федерация Кенгашининг Ўқув марказида тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашма кенгашларининг ташкилий ишлар бўлими мудирлари ва мутахассислари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Шунингдек, бундай семинарлар ҳудудларда ҳам кўплаб ўтказилди.

Бундан ташқари, Федерация Кенгаши томонидан бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ҳамда конференцияларини ўтказиш бўйича икки хил услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, электрон шаклда барча касаба уюшмалари ташкилотларига етказилди.

Таҳлилларга таянадиган бўлсак, жорий йилнинг февраль – апрель ойларида тизимдаги 37 минг 319 та бошланғич, 35 мингта цех ва 46 минг 344 та гуруҳ ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилиш ва конференциялари бўлиб ўтди. Бунда Федерация Кенгаши раҳбарияти ҳамда масъул ходимларининг фаол иштироки таъминланди. Тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар масъул ходимлари ҳам мунтазам қатнашди. Бу бевосита бошланғич ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда таҳлил этиш имконини яратди. Ҳисобот-сайловларнинг шаффоф ўтишига ҳам замин тайёрлади.

Аҳамиятли томони, йиғилиш ва конференцияларда юртимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсат натижасида эришилаётган улкан ютуқларга кенг эътибор қаратилди. Жумладан, Юртбошимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилиши, Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлиси ҳамда Мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларининг мазмун-моҳияти атрофлича очиб берилди. Шунингдек, 2011-2015 йилларда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ва бунинг натижасида эришилган натижалар фаолларга етказилди.

Мазкур тадбирларда сўзга чиққанлар касаба уюшма ташкилотларининг ўтган даврдаги фаолиятига баҳо бериш билан бирга, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ҳам ўз таклифларини билдириб ўтишди. Бу эса аъзоларнинг касаба уюшмаларига ишончи ортиб бораётгани, касаба уюшма ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётганидан далолат.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат, бошланғич ташкилотларда ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилиш ва конференциялари якунларига кўра 99,8 фоиз бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолияти қониқарли баҳоланган. Айниқса, йилдан-йилга жамоа шартномасида акс этаётган имтиёз ва имкониятларнинг кенгаяётгани, улар ижросига жиддий эътибор қаратилаётгани ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашда қўл келмоқда.

Жумладан, “Шўртангазкимё” мажмуаси касаба уюшмаси қўмитаси ҳисобот-сайлов конференцияси юқори савияда ташкил этилди. Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Наврўз Бердиев ўтган даврдаги фаолиятга тўхталар экан, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда жамоа шартномаси асос бўлаётганини таъкидлади. Агар 2010 йили 701 нафар ходимга моддий ёрдам берилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1834 нафарни ташкил этган. Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимлардан тушган мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши йўлга қўйилгани боис уларнинг барчаси ижобий ҳал этилган.

 “Самарқанд автомобил заводи” касаба уюшмаси қўмитаси ҳисобот-сайлов конференцияси ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Маъмурият ва касаба уюшмаси ташкилоти саъй-ҳаракати туфайли ишлаб чиқариш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олди олинаётгани, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, хавфсизлик техникаси қонун-қоидаларини ходимларга етказиш борасида маблағ ҳам, вақт ҳам аялмаётгани айтиб ўтилди. Натижада, хавфсиз иш ўринлари яратиш борасида соҳа корхоналари орасида намуна бўлиб, 2013 йили касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган танловда “Меҳнат муҳофазасини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона” деб топилган.

Наманган вилояти насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси қўмитасида ҳам ҳисобот-сайлов қизғин кечди. Унда бошқарма жамоа шартномаси аввалгиларидан тубдан фарқ қила бошлагани, унга ёшлар ва аёллар учун имтиёзлар кўзда тутилган алоҳида бўлимлар, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига амал қилинишини таъминлашга қаратилган бандлар киритилгани эътироф этилди.

Шунингдек, “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Муборокнефтгаз” УШК, “Микрокредитбанк” АТБ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали, Навоий вилоят “Давтехназорат” инспекцияси филиали, Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази, “Андижон биокимё заводи” АЖ, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, “Оҳангаронцемент” АЖ, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, “Қўнғирот сода заводи” УК, “Ангрен логистика маркази” АЖ, , “Alfa group” қўшма корхонаси, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт Миллий суғурта компанияси, “Навоийазот” АЖ каби қатор корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшмалари ташкилотлари ҳисобот-сайлов йиғилиш ва конференциялари ҳам намунали ташкил этилгани эътирофга лойиқ.

Ҳисобот-сайловлар жараёнида фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермайдиган, ходимлар ишончини оқламаган касаба уюшмалари қўмиталари раислари ва ташкилотчилар ўрнига ёш, ташаббускор ва тажрибали ходимларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз. Масалан, бошланғич ташкилотлар раисларининг 18,1 фоизи (6 минг 784 нафар) мазкур лавозимга биринчи бор сайланди. Шундан 5 минг 55 нафарини касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва 1 729 нафарини бошланғич ташкилот ташкилотчилари ташкил этади.

Етакчиларни сайлаш жараёнида аёллар ва ёшларга кенг ўрин берилганини айтиш ўринли. Бундан ташқари, янги раисларнинг кўпчилиги олий маълумотли экани касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятини замон талаби асосида олиб бориш, ходимлар манфаатини таъминлашда янги имкониятларни очишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шу билан бирга, ҳисобот-сайлов жараёнида касаба уюшмаси қўмитаси таркибида аёллар ва ёшлар, шунингдек олий маълумотли, янги аъзоларнинг ўрин эгаллашига ҳаракат қилингани сезилди. Ушбу жараёнда бошланғич ташкилотларнинг тафтиш комиссиясига оид ташкилий ишлар олиб борилиб, 34 минг 59 нафар ходим тафтиш комиссияси аъзолигига сайланди. Бир сўз билан айтганда, ҳозирда бошланғич ташкилотлардаги касаба уюшмалари фаоллари қарийб 313 минг нафарга яқинни ташкил этмоқда.

Бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилиш ва конференциялари якунлари бўйича Федерация тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари 37 минг 334 тани, уларда ҳисобда турган аъзолар эса 6 млн. 141 минг 866 нафарни ташкил этмоқда. Аъзоларнинг 2 млн. 887 минг 872 нафари (47 фоиз) аёллар ва 2 млн. 652 минг 292 нафари (43,2 фоиз) 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ушбу кўрсаткич, юқорида қайд этганимиздек, касаба уюшмалари етакчи ва фаоллари орасида аёллар ва ёшларга кенг ўрин берилиши лозимлигини кўрсатади.

Дарвоқе, фаолияти қониқарсиз деб топилган 68 та бошланғич ташкилот иш унумдорлигини ошириш мақсадида касаба уюшмалари фаоллари томонидан амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, аъзоликка янги қабул қилинган ёки фаолияти тугатилган жами 15 та ташкилотда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилмади.

Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилиш ва конференцияларидан маълум бўладики, иш берувчи, касаба уюшмаси ва ходимларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ҳамжиҳатлиги ошиб бораётир. Бу эса, шубҳасиз, ижтимоий шериклик тамойилларининг амалдаги натижасидир.