23.07.2015. 2015 йилнинг 23 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги XIII мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда, аввало, Федерациянинг 2015 йил 1-ярим йиллигидаги фаолият якунлари тўғрисида Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.
Унда, Федерация Кенгаши томонидан 2015 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси доирасида Федерация тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига оид 120 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланиб, мутасадди идораларга тақдим этилди.
Фуқаролар мурожаатлари бўйича иш берувчиларга киритилган 148 та тақдимномадан 117 таси, судларга киритилган 39 та даъво аризасидан 25 таси қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида 865 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 93,5 минг нафардан зиёд аҳоли вакилларига қарийб 56,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилишига эришилди.
Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида иш берувчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, ҳуқуқий инспекциялар, прокуратура ва суд органларига 180 марта мурожаат қилиниб, 30,9 млрд. сўм ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилиши таъминланди.
Янгидан ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этган ҳолда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди.
Амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида қарийб 20 мингта хўжалик суъектида меҳнат қилаётган 72 минг нафарга яқин ходимлар касаба уюшмалари аъзолигига жалб этилди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, 2 минг 990 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бирига 300 минг сўмдан, жами 897 млн. сўм пул мукофоти манзилли тарзда етказиб берилди.
Тасарруфдаги санаторийларда ташкил этилган «Уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари» бўлинмалари замонавий тиббий асбоб- ускуналар, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар билан тўлиқ қайта жиҳозланди.
Ҳисобот даврида 4 минг 217 нафар ишловчи кексалар, пенсионерлар, меҳнат фахрийлари санаторийларда бепул ва имтиёзли равишда соғломлаштирилиб, ушбу мақсадлар учун жами 3 млрд. 387 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, санаторийларда 51 минг 382 нафар аҳоли вакиллари ўз саломатликларини таклади, уларнинг 22 минг 622 нафари, яъни 44 фоизи имтиёзли равишда дам олдирилди.
Жорий йилги ёз мавсумида 287 минг нафардан ортиқ болаларни 1 минг 149 та оромгоҳда дам олдириш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилди, айни дамда мавсум қизғин давом этмоқда.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди, тегишли касаба уюшмалари органлари раҳбарларининг бу борадаги ҳисоботлари тингланди ҳамда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.