03.08.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзстандарт” агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Давлат қўмиталари ҳамда инспекциялари мутасаддилари иштирок этди.
Идоралараро ишчи гуруҳи йиғилишида “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури”да белгиланган вазифалар ижроси муҳокама этилди.
Тадбир ташкилотчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014-2016 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар меҳнат муҳофазасини ҳамда иш жойларида хавфсизликни таъминлаш борасида ҳам муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Бош келишув асосида “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури”нинг тасдиқлангани меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишларни янада такомиллаштирди.
Иштирокчилар Касаба уюшмалари Федерация Кенгаши қошида ташкил этилган Идоралараро ишчи гуруҳининг ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этдилар. Таъкидланганидек, тармоқ ва ҳудудларда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, назорат режа ижроси таъминлаб борилмоқда. Шунингдек, барча ҳудудларда “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профилактика маданиятини биргаликда юқори даражага кўтарамиз” мавзусидаги Давра суҳбатлари ҳам ижобий самара бермоқда.
Айни кунларда Ҳаракат дастури доирасида корхона, ташкилот ва муассасаларда иш ўринлари, меҳнат шароити ва асбоб-ускуналар хавфсизлиги юзасидан аттестация ўтказилиши ҳолатини танлов асосида ўрганиш режалаштирилган. Мазкур ишлар аввало кимё саноати корхоналарида амалга оширилади.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда касб касалликлари ва жароҳатланишнинг олдини олиш юзасидан келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.