27.08.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан диёримизнинг ҳар бир ҳудудида мамлакатимиз Мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” ғоясини ўзида мужассам этган маданий-маънавий тадбирлар дастури ўтказилмоқда. Хусусан, Республикамизнинг турли ҳудудларидаги туман ва шаҳарлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳудудлардаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшаётган инсонлар холидан хабар олиниб, манзилли қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимлар, пойтахт корхона ва ташкилотларида фаол меҳнат қилган фахрийлар, кекса авлод вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир ташкилотчилари томонидан Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган “ўзбек модели”нинг муҳим йўналиши – кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди. Бу борада ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби халқимизга хос бўлган эзгу амаллар яхши анъанага айланган.
Тадбирда шунингдек, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси, қўлга киритилаётган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамияти бутун дунё томонидан тан олинаётганлиги, мамлакатимизнинг иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олганлиги алоҳида таъкидланди.
Истиқлол байрами муносабати билан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Тошкент шаҳридаги ёлғиз ва ижтимоий ҳимояталаб кексалар яшаётган 212 та оилага уй юмушларини енгиллаштириш мақсадида маиший ва ошхона электр жиҳозлари – кир юқиш машиналари, музлатгичлар, чангюткич ва микротўлқинли печлар, электр печлари, совға қилинди. Пойтахт корхоналарида самарали меҳнат қилиб келаётган турли соҳа ходимлари ҳам муносиб тақдирланди.
Тадбирда Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатилди. “Касаба уюшмалари – талабаларга” акцияси доирасида олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган 41 нафар кам таъминланган иқтидорли талабага Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган стипендиялар топширилди.
Тадбир сўнгида йиғилганлар эътиборига таниқли санъаткорлар иштирокида концерт ва Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари ижросидаги спектакль намойиш қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати