04.09.2015. Истиқлол йилларида болалар манфаатлари ҳимояси, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлод тарбияси масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишларда амалга ошириб келинаётган тизимли ишлар бугун ижобий самара бериб, халқаро даражада эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ўз фаолиятида болалар манфаатларини таъминлаш, меҳнаткашлар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш ишларига алоҳида эътибор қаратиб, тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳорижий тилларни ўрганишларида кўмаклашиш, ўқув қуроллари ва дарсликлар билан таъминлаш каби ишлар амалга оширилмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказиб келинаётган “Касаба уюшмалари – болаларга” доимий акцияси доирасида эса эртамиз эгалари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, дунёқарашларини кенгайтиришга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мустақиллик айёми тантаналари давом этаётган шукуҳли кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ташкил этилиб, акция доирасида илк бора мактаб остонасига қадам қўйган 12 минг нафар 1-синф ўқувчилари учун “Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбири ўтказилди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – болажонларга кичик ёшиданоқ соғлом турмуш тарзи тамойилларини сингдириш, шу мақсадда юз-қўллари, кийим-кечаклари ва ўқув анжомларини озода тутиш, саранжом саришталикка риоя этиш тартиб-қоидаларини улар онгига сингдиришдир. Тадбир давомида ўғил-қизларга бу борада тушунтиришлар бериш билан бирга, болажонларни доимо озодаликка чорлаб туриш мақсадида кундалик ҳаётда риоя этишлари лозим бўлган санитария-гигиена қоидалари жамланган эслатма-қўлланма тақдим этилди. Шунингдек, 12 минг нафар ўғил-қизнинг ҳар бирига гигиеник воситалар тўплами ҳадя этилди.
Мамлакатимизнинг чекка туманларидаги 295 дан ортиқ қишлоқ мактабларида ташкил этилган ушбу тадбирларда ўйин-мулоқот усулларидан фойдаланган ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга ундовчи экологик суҳбатлар ҳам ўтказилди. Шунингдек, юқумли касалликлардан сақланишда шахсий гигиена қоидаларига риоя этишнинг муҳим шартлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Мазкур акция доирасидаги тадбирлар дастуридан болажонлар учун мўлжалланган маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўрин олди. Мазкур тадбирларда таниқли санъаткорлар, хонандалар ва қўғирчоқ театри актёрларининг чиқишлари ташкил этилиб, улар томонидан тозалик ва озодаликнинг ҳаётда нақадар муҳимлиги, озода қўллар саломатлик гарови эканлиги саҳналаштирилган кўринишлар орқали намойиш этилди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси жорий йилнинг 4 сентябрь куни Республикамизнинг барча ҳудудларидаги чекка туманларнинг умумтаълим мактабларида 1-синф ўқувчилари ўртасида бир вақтда ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати