[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.09.2015. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг V Республика Форуми ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур анжуманда таъкидланганидек, Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Истиқлол йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу жараёнда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумида ўтган йиллларда бошланган янгича ёндошув асосидаги тизимли ишлар янада такомиллаштирилди. Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатларга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаморликдаги фаолиятини йўналтириш амалиёти ўзининг ижобий самарасини берди.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи ҳамда унинг таркибида ташкил этилган Ишчи гуруҳлари ва Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида доимий ишловчи штаб фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар бир ҳудуддаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти, уларда мавсумни намунали ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар мувофиқлаштириб борилди.
Яна бир муҳим жиҳат – мавсумнинг Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси”га мувофиқ ташкил этилганлиги болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишлар сифатини ошириш ва оромгоҳлар фаолиятини шаклан ва мазмунан бойитиш имконини берди. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини ҳам кенгайтирди.
Натижада бугун оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказларига айланди. Янгича ёндошув асосида ишлаб чиқилган махсус дастурлар бўйича оромгоҳларда тарбиявий йўналишлардаги ишлар ва тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилди. Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида “Мустақилик менинг тақдиримда”, “Касаба уюшмалари – болаларга”, “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” акциялари ўтказилиб, болажонларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти юксалтирилди.
Ҳукумат даражасида ҳар йили тизимли равишда тасдиқланаётган оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастур болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш билан бирга ҳудудларда энг замонавий, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи янги оромгоҳлар барпо этилишини таъминламоқда. Мазкур Манзилли дастур доирасида ҳар йили мамлакатимизнинг миқёсида 50 га яқин болалар оромгоҳида қурилиш-таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилиб, янги оромгоҳлар барпо этилмоқда. Хусусан, 2015 йилги Манзилли дастурга мувофиқ 49 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, шундан, 5 та оромгоҳни янгидан қуриш, 14 тасини реконструкция қилиш ва 30 та болалар дам олиш масканини капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Наманган вилоятида «Норин», Самарқанд вилоятида “Чорчинор”, Қашқадарё вилоятида Мирзо Улуғбек номли, Сурхондарё вилоятида “Хонжиза” номли болалар соғломлаштириш оромгоҳлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу йилги мавсумда республика миқёсида 1167 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи (2014 йилда 1099 та), шу жумладан, 213 та стационар туридаги ва 795 та кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда 141 та меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 300 минг 372 нафар бола соғломлаштирилди. Бу кўрсаткич режага нисбатан қарийб 105 фоизни ташкил этди, оромгоҳларда соғломлаштирилган болалар сони 2014 йилга нисбатан қарийб 6 минг нафарга ортди.
Жорий йилги мавсумда болаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, ихтисослаштирилган оромгоҳлар кўлами ҳам кенгайтирилди. Хусусан, жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан 22 тага ортиб, жорий йилда 261 та ихтисослаштирилган (2014 йилда 239 та) оромгоҳлар фаолият кўрсатди. “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий спорт”, ўсмир ёшдаги болалар учун “Меҳнат ва дам олдириш”, “Экологик-биологик”, “Ижтимоий мослашув”, “Ўлкашунослик”, “Техник ижодкорлик”, “Бадиий ижодиёт” йўналишларидаги оромгоҳлар ташкил этилиб, намунали фаолият кўрсатиши таъминланди.
Ўтган йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга киритилган тажриба – “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳлари фаолияти бу йил янада кенг миқёсда давом эттирилди. Худди шундай оромгоҳлардан бири Республика миқёсида “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашувлари” ғолиблари бўлган 500 нафар иқтидорли бола касаба уюшмалари томонидан ўз устозлари билан биргаликда бепул соғломлаштирилди. Улар учун мавсум давомида маданий-маърифий ва маънавий тадбирлар билан бир қаторда “Маҳорат дарслари” ташкил этилди, диёримизнинг энг таниқли олимлари, фан арбоблари, адабиёт ва санъат намоёндалари билан учрашувлар уюштирилди. Бундан ташқари, барча ҳудудларда ҳам 14 та интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Маълумки, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлар жалб этилади. Ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг ҳам мароқли ҳордиғини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилган 141 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари жалб этилдилар. Турли ташкилотлар ва фермер хўжаликлари қошида ташкил этилган бу турдаги оромгоҳларда лицей ўқувчилари ҳордиқ билан бирга дастлабки ижтимоий-фойдали меҳнат кўникмаларига эга бўлган бўлса, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўтадилар. Улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилди.
Бу йил ҳам ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилди. Хусусан, давлатимиз ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4 минг 960 нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Касаба уюшмалари томонидан 53 минг нафардан ортиқ болалар жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли дам олдирилди, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг 797 нафар тарбияланувчилари ҳамда 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланди. Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида 3 минг нафардан ортиқ она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда «Она ва бола» йўлланмалари орқали саломатлигини мустаҳкамлади. Маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилаларнинг 600 нафар фарзанди ва ота-онасиз болалар бепул дам олиш имкониятидан фойдаланди. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманидан кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди бепул соғломлаштирилди.
Барча оромгоҳларда ички ишлар, тиббиёт, коммунал-маиший соҳалар ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилди.
Бугунги Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг V Республика Форумини ўтказишдан кўзланган мақсад Республикамизда болаларни соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишдир.
Мазкур Форумда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилиниши билан бирга 2015 йилги болаларни соғломлаштириш мавсумида энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда энг фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари, хокимликлар, идоралар Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан муносиб тақдирланди. Улар “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови Низоми ва энг яхши фаолият кўрсатган ходимларни аниқлаб берувчи Низом асосида сараландилар. Асосий мақсад – мавсум давомида ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали келгусида янги муваффақиятларга ундашдир.
Жумладан, “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови натижасига кўра 26 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи ғолиб деб эълон қилиниб, уларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Форумда 14 та номинация – “Энг намунали болалар соғломлаштириш оромгоҳи”, “Энг намунали мехнат ва дам олиш оромгоҳи”, “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг ғамхўр тарбиячи”, “Энг яхши тиббиёт ходими”, “Энг фаол етакчи”, “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг яхши спорт мураббийи”, “Энг яхши пазанда”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг ғамхўр ҳомий”, “Энг жонкуяр ҳоким”, “Мавзуни энг яхши ёритган журналист”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг яхши ҳамкор” номинациялари бўйича ғолиблар эълон қилиниб, мавсумни намунали ташкил этишда жонбозлик кўрсатган 97 нафар мутахассислар муносиб тақдирланди. Уларга Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан Диплом, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, қимматбаҳо совғалар, шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.

номинациялар бўйича тақдирланганлар РЎЙХАТИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати