22.09.2015. Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасида имзоланган 2014-2016 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат дастурида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси учун ўқитувчи-тренерларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари ушбу лойиҳада иштирок этувчи касаба уюшма фаоллари саралаб олинди.
Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган махсус комиссия касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий бирлашмалар томонидан тавсия этилган 60 нафардан ортиқ номзодлар орасидан 35 нафар энг муносибларини суҳбатдан ўтказиш йўли билан танлаб олди.
Лойиҳанинг мақсади тингловчиларга касаба уюшмалари фаолияти йўналишлари бўйича ҳар томонлама чуқур билим берилишини таъминлаш учун касаба уюшмалари ходимлари орасидан амалий ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш маҳоратига эга бўлган, машғулотларда таълимнинг энг замонавий ва янги усул ҳамда шаклларидан фойдалана оладиган ўқитувчи-тренерларни тайёрлашдан иборатдир.
Бунда лойиҳа иштирокчилари 2015 йил ноябридан 2016 йил декабригача бўлган вақт оралиғида ҳар бири 5 кунлик 8 та семинарда иштирок этадилар.
Лойиҳа Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Бюросининг техник кўмагида амалга оширилади.