[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.10.2015. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) барча қитъалардаги 162 та давлатнинг 176 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзоларига эга бўлган 328 та миллий касаба уюшма марказини бирлаштирган энг йирик халқаро касаба уюшмалари бирлашмаси ҳисобланади.

ХКУК фаолиятининг асосий йўналишлари касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқлари, иқтисодий ва ижтимоий сиёсат, тенглика ва халқаро бирдамлик ҳисобланади.

ХКУКнинг бутун жаҳон касаба уюшмалари ҳаракатида тутган алоҳида ўрнини эътиборга олиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу нуфузли ташкилот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2015 йил 22-23 апрель кунлари ташкил этилган “Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда касаба уюшмаларининг роли: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги Халқаро конференцияда ХКУК Бош котибининг ўринбосари Яап Винен бошчилигидаги делегациянинг иштирок этиши ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш соҳасида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Делегация ташрифи доирасида ХКУК вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ касаба уюшмалари раҳбарлари билан учрашуви ташкил этилди. Шунингдек улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бир нечта бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан танишдилар.

Учрашувлар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ўрганиш натижалари бўйича ХКУК делегацияси вакиллари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятига юқори баҳо берилди. Шу билан бирга келгусида ХМТ ва халқаро нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни фаол давом эттириш тавсия этилди. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва унинг аъзо ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш учун Конфедерация аъзолигига кириш масаласини жадаллаштириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди..

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ХМТ ва ХКУК билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ХКУК ва ХМТ ҳамкорлигида ташкил этилаётган семинарлар, конференциялар, ўқув машғулотларида Федерация вакиллари фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Ўз навбатида ХКУК вакиллари ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилаётган тадбирларда иштирок этмоқдалар.

Тобора ривожланиб бораётган ўзаро ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ, 2015 йил 11 октябрида ХКУК Бош кенгашининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига ассоциациялашган аъзо сифатида киритиш ҳақидаги қарори қабул қилинди. Бу эса халқаро ҳамкорлик муносабатлрини янада ривожлантириш имконини бериши билан ғоятда аҳамиятлидир.