22.10.2015. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан тизимда меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар остида кечган беллашувда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бош офиси, Тошкент шаҳар минтақавий филиали, жойлардаги филиаллар ҳамда марказий амалиёт минтақавий филиаллари ходимларидан иборат 16 жамоа ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилишди.
— Мазкур турнир анъанавий бўлиб, кўзланган асосий мақсад ходимларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб этиш ҳамда шу орқали улар соғлигини мустаҳкамлашдир, — дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳриддин Норхўжаев. — Мусобақа иштирокчиларининг сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунингдек, турли саналар муносабати билан спортнинг бир қанча турлари бўйича мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилган.
Саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтган Яшнобод филиали якунда шоҳсупанинг биринчи поғонасига кўтарилди. Иккинчи ўрин марказий амалиёт минтақавий филиалига насиб этди. Банкнинг Қатортол филиали ҳам кучли учликдан жой олди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.