[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.10.2015. 2015 йилнинг 22 октябрь куни Тошкент шаҳрида Федерация Кенгаши Раёсатининг навбатдаги 23-мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис кун тартибига касаба уюшмалари фаолиятига оид 14 та масала киритилди ва уларнинг ҳар бири батафсил муҳокама этилди.

Мажлисда, аввало, Федерация томонидан 2015 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар якунлари тўғрисида Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.

Унда, Федерация Кенгаши томонидан 2015 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси доирасида Федерация тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:

Ҳисобот даврида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир 161 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланиб, мутасадди идора ва ташкилотларга тақдим этилди, вазирлик ва идоралар томонидан меҳнат муҳофазасига оид ишлаб чиқилган 77 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ўрганиб чиқилди ва тегишли хулосалар берилди.

Касаба уюшмалари органларига фуқаролардан тушган 6 минг 191 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 5 минг 431 таси, яъни 87,7 фоизи ҳал этилди, ходимларнинг касбий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича иш берувчиларга киритилган 183 та тақдимнома, судларга киритилган 32 та даъво аризаси қаноатлантирилди, натижада 1 минг 187 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши ва 573,4 млн. сўм миқдоридаги зарар ундириб берилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари кучайтирилди, натижада аҳоли вакилларига қарийб 79,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида фаолият кўрсатаётган ходимларни касаба уюшмаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари натижасида қарийб 24 минг 640 та хўжалик суъектида меҳнат қилаётган 111 мингдан ортиқ ходимлар касаба уюшмалари аъзолигига жалб этилди.

Ҳисобот даврида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмалари фаол иштироки таъминланди, дастур ижроси учун ҳисобот даврида жами 52 млрд. 923,2 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳамда дам олдиришга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли ишлар амалга оширилди. Жумладан, касаба уюшмалари санаторийларида 83 минг 220 нафар аҳоли вакиллари, шулардан 33 минг 643 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.

Болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилиб, 1 минг 168 та оромгоҳда жами 300 минг 372 нафар болалар дам олдирилди. Мавсум давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган 53 мингдан ортиқ болалар, 2 минг 797 нафар «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчилари, 50 нафар имконияти чекланган болалар, 4 минг 960 нафар Оролбўйи минтақасидаги болалар, 100 нафар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги кам таъминланган оилаларнинг фарзандларининг оромгоҳларда бепул ва имтиёзли йўлланмалар асосида дам олдирилиши таъминланди.

Тизимдаги санаторийлар, дам олиш уйлари, даволаш муассасалари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг имкониятларини янада кенгайтириш, уларда замон талабларига жавоб берадиган қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида «Турон», «Косонсой», «Умид гулшани», «Ситораи Мохи Хоса», «Оқ тош», «Чимён» санаторийлари, «Аҳмад-ал-Фарғоний» дам олиш уйи, Даволаш профилактика маркази, «Саёҳат-сари» меҳмонхонасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, «Ҳавотоғ» санаторийси ва «Хива» меҳмонхонасини қуриш ишлари давом эттирилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2015 йилга мўлжалланган Манзилли дастур» доирасида касаба уюшмаларига қарашли «Норин», «Чорчинор», «Хонжиза», «Мирзо Улуғбек» «Сурхон-Бешбулоқ-Шеробод», «Автомобилчи» оромгоҳларида реконструкция ишлари амалга оширилди.

Ҳисобот даврида халқаро ташкилотлар, хорижий касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош кенгашининг 2015 йил 11 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Конфедерацияга ассоциациялашган аъзо сифатида қабул қилинди.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси барча қитъалардаги 162 та давлатнинг 176 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзоларига эга бўлган 328 та миллий касаба уюшмалари марказларини бирлаштирган энг йирик халқаро касаба уюшмалари бирлашмаси ҳисобланади.

Мажлисда ҳудудий бирлашмалар ва тармоқ касаба уюшмаларининг Республика кенгашлари иштирокида тузилган жамоа келишувларининг мазмуни ва бажарилиши, «Кексаларни эъзозлаш йили» дастури доирасида амалга оширилган ишлар каби масалалар батафсил муҳокама этилди.

Шунингдек «Касаба уюшмалари ташкилотларида фуқаролик ва хўжалик ҳуқуқий шартномалар билан ишлаш Тартиби», «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида кадрлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом»нинг янги таҳрири, «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида хизмат текширувларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом» лойиҳалари кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Касаба уюшмалари тизимида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон касаба уюшмалари ўқуви Концепцияси» тасдиқланди.

Мазкур қарор билан «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув кенгашининг таркиби» ҳамда «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув кенгаши тўғрисидаги Низом» маъқулланди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим ҳудудий бирлашмалар ва тармоқ касаба уюшмалари фаолиятидаги камчиликлар ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Word шаклида юклаш