[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.10.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2015 йил 23 октябрь куни навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Унда Федерация Кенгаши раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг жорий йил 9 ойи давомидаги фаолияти якунларига батафсил тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 2015 йил учун белгилаб олинган фаолиятнинг устувор йўналишлари доирасида касаба уюшма ташкилотлари томонидан аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, қатор қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалдагиларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлашда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди. Чунончи, Федерация Кенгаши мутахассислари томонидан “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан 50 га яқин таклифлар киритилиб, аксарияти эътиборга олинишига эришилди. Ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ 161 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этилди, меҳнат муҳофазасига доир ишлаб чиқилган 77 та норматив-ҳужжат лойиҳаси бўйича хулосалар берилди.

Ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида тегишли манфаатдор вазирликлар, ташкилотлар билан ҳамкорликда  “Меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар” номли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами,  “Якка меҳнат низолари комиссиялари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсиялар” тайёрланиб, қуйи касаба уюшма ташкилотлари ҳамда ҳамкор ташкилотларга етказилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, турли даражадаги касаба уюшма органларига фуқаролардан тушган 6 минг 191 та мурожаатнинг аксарияти ҳал этилди. Ходимлар манфаатини ҳимоя қилган ҳолда иш берувчиларга 250 та тақдимнома, судларга 85 та даъво аризалари киритилиб, 1187 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқи тикланди.

Яна бир аҳамиятли жиҳат, фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасига оид масалаларда бепул юридик хизмат кўрсатиш, кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида ушбу соҳага доир миллий ва халқаро стандартларни тарғиб этиш, уларнинг бу борадаги билимини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси фаолияти йўлга қўйилди.

Ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилишини таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳам тизимли равишда давом эттирилди. Жумладан, жамоатчилик назорати доирасида касаба уюшма органлари ва меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар томонидан корхона, ташкилотларда меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатлари ва меъёрлар талабларига риоя этилиши ўрганилди. Жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича кўзда тутилган жами 204 минг 355 та тадбирни амалга оширишга 40 млрд. 760 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Ушбу соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Бош келишув асосида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда имзоланган “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури” ижросига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, йирик корхоналар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб, “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида биргаликда профилактика маданиятини юқори даражага кўтарамиз” мавзусида республика конференцияси ва барча вилоятларда давра суҳбатлари ўтказилди. Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Ўқув марказида махсус ўқувлар ташкил этилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасида аниқ вазифалар белгиланиб, амалга оширилаётгани ҳам диққатга сазовор. Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшма фаоллари томонидан 4 минг 316 та корхона ва ташкилотда 28 мингдан зиёд янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилгани ўрганиб чиқилди.

Касаба уюшмалари томонидан жойлардаги меµнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда бўш (вакант) ва захира қилинадиган (квоталанган) иш ўринларини тўлдириш бўйича олиб борилаётган фаолият ҳам эътиборга молик. Бунда асосий эътибор ёлғиз ота, оналар ҳамда 14 ёшгача ва ногирон боласи бўлганлар, таълим муассасаларини тамомлагандан сўнг бир йил давомида ишга қабул қилинадиган ёшлар, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар, ногиронлар, пенсия ёшига яқинлашган шахслар, жазо жойларидан қайтганлар, кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар, одам савдосидан жабрланганлар, сафарбарлик чақируви захирасига киритилган шахслар, ижтимоий аµамиятли касалликларга чалинган фуқароларга қаратилган.

Жамоатчилик назорати доирасида республика бўйича жорий йилги коллеж битирувчиларининг 353 минг 260 нафари ишга жойлашганлиги мониторинг қилинди. Шунингдек, 2 минг 520 та корхона ва ташкилотда ўтган йилги коллежни битирган 7 минг 560 нафардан ортиқ ёшларнинг иш жойларидаги қўнимлилиги мониторинги ўтказилди. иб, уч томонлама шартнома тузган битирувчиларнинг аксарияти

Касаба уюшмалари ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида, аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари ва вақтинча банд бўлмаган ёшлар учун Наманган, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 192 та янги иш ўрни яратилди.

Меҳнаткашларнинг, айниқса ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ишларни кучайтириш ҳисобот даврида касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди. Жорий йилнинг ўтган даврида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига қарийб 79,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилишига эришилди.

Жумладан, 1 минг 774 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек уй-жой қурилиши, ходимлар сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилган. Ёш ходимларни бошқа касбга ўргатиш, малакасини ошириш ишлари ҳамда талабаларнинг шартнома пулларининг бир қисмини қоплаб беришга ҳам касаба уюшмалари томоидан катта эътибор қаратилди.

Шу ўринда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб қилиш, ишланма ҳамда лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган «Ёш мутахассислар» III Республика Форуми доирасида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилиб, унинг якуни бўйича энг фаол ёш мутахассислардан 1 нафарига 5 млн. сўмлик грант, 2 нафарига чет элда малака оширишга йўлланма топширилиб, қолган барча иштирокчилар дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бундан ташқари, хотин-қизлар учун меҳнат қонунчилигида, жамоа келишувлари ва шартномаларида белгиланган имтиёзлар берилишини, иш ҳақи ва нафақалар тўланишини таъминлашга эътибор янада кучайтирилди.

«Касаба уюшмалари – ҳарбийларга», «Касаба уюшмалари – болаларга» акциялари доирасида ҳарбийлар, хизмат бурчини бажариш вақтида вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига манзилли ёрдам кўрсатилди, «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйларига қарийб 20 млн. сўмлик қимматбаҳо совғалар, чекка туманлардаги қишлоқ мактабларининг 12 минг нафар 1-синф ўқувчиларига санитар-гигиеник тўпламлар топширилди.

Йиғилишда маданий-маърифий ва спорт тадбирлари уюшқоқлик билан мунтазам ташкил этиб келинаётгани қайд этилди. Меҳнаткашларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган «Спорт – саломатлик гарови» республика спартакиадаси, тўрт босқичда ўтказилган “Касаба-тур” веломарафони, Федерация Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мини-футбол бўйича мусобақалар шулар жумласидан.

Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмалари санаторийларида 83 минг 220 нафар аҳоли вакиллари, шулардан 40 фоизи имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Ёзги дам олдириш мавсумида 1 минг 168 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида 300 минг 372 нафар бола, шулардан қарийб 60 минг нафари бепул ва имтиёзли дам олдирилди.

Мавсум якунида «Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг III республика форуми» ўтказилиб, жорий йил ёзги мавсумда болаларнинг дам олишларини ташкил этишда энг яхши кўрсаткичларга эришган оромгохлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишга фаол кўмаклашган ҳомий ташкилотлар, ҳокимликлар ва идоралар вакиллари 16 та номинация бўйича тақдирланди.

Шунингдек, тизимдаги 6 та санаторий, 1 та дам олиш уйи, Даволаш-профилактика маркази, «Саёҳат-сари» меҳмонхонаси, 6 та болалар соғломлаштириш оромгохларида жами 43,8 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, уларнинг хизмат кўрсатиш сифати янада оширилди.

Федерация Кенгашининг ҳисобот давридаги халқаро фаолиятида асосий эътибор халқаро ташкилотлар, хорижий касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатдор алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилди.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ), Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиқда ва уларнинг вакиллари иштирокида Ўзбекистонда қатор давра суҳбатлари, тренинглар ташкил этилди. Касаба уюшмалари Федерациясининг 39 нафар вакиллари Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Италия, Арманистон каби давлатларда ташкил этилган семинар, конференция ва ўқувларда иштирок этди.

Дарвоқе, жорий йилнинг феврал – август ойларида 37 мингдан ортиқ бошланғич, 679 та туман, шаҳар ташкилоти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари, 13 та тармоқ касаба уюшмаларида ҳисобот-сайлов йиғилиши, конференция ва Қурултойлар қизғин ва ошкора руҳда ўтказилди.

Раёсат йиғилишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, соҳада фаолият кўрсатаётган ходимларни касаба уюшма хизмати билан қамраб олиш, бу орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида аниқ тизим яратилиб, амалга оширилаётгани ҳам эътироф этилди. Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари юзасидан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида ўтган вақтда 24 минг 640 та хўжалик субъектида меҳнат қилаётган 111 мингдан зиёд ходим аъзоликка жалб қилинди.

Ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижросида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб, амалга оширилаётир.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари иштирокида тузилган жамоа келишувларининг мазмуни ва бажарилиши ҳам йиғилганлар диққат марказида бўлди. Ушбу масала таҳлил этилар экан, жамоа келишувлари мазмунан бойиб бораётгани ҳамда унинг ижросига алоҳида маъсулият билан ёндашилаётгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, айрим тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, тизимда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини янада такомиллаштириш ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича ўтган 9 ойда амалга оширилган ишлар мухтасар сарҳисоб қилинди. Хусусан, ўтган даврда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида касаба уюшмалари масъул этиб белгиланган бандларнинг ижроси учун 52 млрд. 923 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланишига муваффақ бўлинди. Чунончи, ўтган даврда касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан кекса кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, уй-жойни таъмирлаш, коммунал хизматларга ҳақ тўлаш кўринишларидаги ижтимоий кўмак бериш, моддий ёрдам кўрсатишга алоҳида аҳамият берилди. Касаба уюшмалари тизимидаги 15 та санаторийда ташкил этилган уруш ва меҳнат фахрийлари бўлимларида 4 минг нафарга яқиш уруш ва меҳнат фронти фахрийлари давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. Бунга қўшимча равишда 7 минг нафар ишловчи кексалар, меҳнат фахрийлари ва пенсионерлар бепул ва имтиёзли асосда соғломлаштирилди. Уруш ва меҳнат фахрийларининг юртимиздаги тарихий шаҳарларга, Мустақиллик йилларида барпо этилган диққатга сазовор масканларга, театрларга ташрифлари уюштирилди.

Раёсат йиғилишида яна бир қатор масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.