30.10.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юксак ижтимоий аҳамиятга молик ушбу дастур доирасида Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Қадр, меҳр ва рағбат” мавзусида тантанали тадбир ўтказилди. Унга вилоятда истиқомат қилаётган отахон ва онахонлар, турли соҳа ходимлари ва ёшлар таклиф этилди.
Тадбир иштирокчилари мустақиллик йилларида мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кексалар, ижтимоий ҳимояталаб оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинаётганини таъкидладилар.
Тадбирда 213 нафар якка-ёлғиз кексаларга, шунингдек, эҳтиёжманд ва кўп болали оилалардан бўлган аёлларга касаба уюшмалари томонидан электр-маиший техника жиҳозлари ҳадя этилди. Хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган харбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатилиб, 21 нафар иқтидорли талабаларга касаба уюшма стипендиялари топширилди. Шу билан бирга 20 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари ҳамда 5 нафар ишловчи пенсионерларга касаба уюшмалари тасарруфидаги сиҳатгохларга бепул йўлланмалар тақдим этилди.
Тадбирда вилоятнинг таниқли саънаткорлари ҳамда ёш хонандалар иштирокида ташкил этилган тантанали концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.