06.11.2015. Етакчи жамоа манфаатини ифода этиши учун ходимлар ўй-фикри, муаммосини яхши билиши керак. Ана шунда одамлар унга ишонади ва суянади. Самарқанд халқаро аэропорти бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Зиё Жўраев ўз фаолиятида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади.
— Жамоамизда қарийб саккиз юз киши меҳнат қилади, — дейди Зиё Жўраев. — Албатта, уларнинг барчаси билан ҳар куни мулоқотда бўлишнинг иложи йўқ. Аммо маъмурият билан келишган ҳолда «Ишонч» телефони жорий этилгани айни муддао бўлди. Натижада, шу чоққача телефон орқали юздан зиёд турли масаладаги мурожаатларни жойида ҳал этдик.
Бошланғич ташкилотга ходимлар ишончи кундан-кунга ошиб бораётганини кузатиш мумкин. Бултур 36 та мурожаат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 81 та масалага ечим топилди. Аэропорт маъмурияти ижтимоий шерик сифатида касаба уюшма талаб ва таклифларига жиддий ёндашиб, ходимлар саломатлиги, ишчанлигини таъминлайдиган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Инсон азиз, меҳнати билан янада қадрли. Аэропорт юксалишига ҳисса қўшган фахрийлар доим эътиборда. Кексаларни эъзозлаш йили Давлат дастури доирасида авиаторларнинг бир неча авлоди учрашуви ташкил этилди. Катта авлод тажрибаси, улар фидойилиги ёшларга ҳамиша ибрат.
— Юз ёшни қаршилаяпман, — дейди авиация фахрийси Отажон Ибрагимов. — Соҳа эндигина тетапоя бўлгандан бугунигача менга яхши таниш. Касаба уюшма ташкилоти ушбу тармоқдан узилиб кетишимга йўл қўймасдан келаётир. Ҳар байрамда эслашади. Қатор юбилейларимни ўтказишга бош-қош бўлишди. Соҳада мен каби кўп йиллар ишлаганлар бундай меҳр-эътибордан беҳад мамнун.
Касаба уюшмаси нафақат ходимлар, балки улар оила аъзоларига ҳам ўта эътиборли. Аэропорт ходимлари ўртасида тез-тез ижодий учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Болаларнинг рангин тасвирларда юрт манзараларини акс эттиришига бағишланган тадбирда ходимларнинг ижодкор фарзандлари ҳам фаол иштирок этди. Ижодий ишларни баҳолаш, йўл-йўриқ ва тавсиялар беришга таниқли рассом Николай Султонов жалб этилди. Тадбир болаларга завқ-шавқ улашди. «Касаба уюшмалари — болаларга» акцияси доирасида мактабнинг 2-, 3-синфида таҳсил олаётган ходимлар фарзандларига ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.
Жамоада маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш ҳам жамоат ташкилоти зиммасида. Тадбирлар санъаткорлар иштироки билан бойитилса, янада файзли тус олиб, одамларга хуш кайфият бағишлайди. Буни касаба уюшма фаоли Надежда Павловна қойилмақом қилиб уддалаб келмоқда. У соҳада меҳнат қилаётган иқтидор соҳибларини жамлаб мўъжазгина ансамбл ташкил этди. Ҳеч бир тадбир улар иштирокисиз ўтмайди.
— Маҳалламизда 530 хонадон истиқомат қилади, — дейди Аэропорт маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сарварой Мавлонова. — Касаба уюшма ташкилоти ва аэропорт маъмурияти маҳалладаги барча тадбирда қатнашиб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмак кўрсатиб келмоқда. Улар маҳалла озодалиги ва ободончилигида доим ташаббускор.
Жонкуяр етакчи Зиё Жўраев фаолиятининг баъзи қирраларига тўхталдик холос. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳаво йўллари фахрийси учун 2015 йил муваффақиятлар йили сифатида ёдда қоладиган бўлди. Аввало, у бошчилик қилаётган бошланғич ташкилот соҳа ташкилотлари ўртасида ўтказилган танловда тармоқдаги «Энг намунали бошланғич ташкилот», дея эътироф этилди. Етакчининг ўзи эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг «Эҳтиром» нишонига лойиқ топилди.
Ўттиз йиллик фаолият З.Жўраевни одамлар кўнглидагини уқишга, улар ташвиши билан яшашдан завқ олишга ўргатди. Фидойи етакчи жамоадошларига нафи теккан кунни энг сермазмун кун, деб ҳисоблайди.