20.11.2015. Давлатимиз раҳбари томонидан Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилиб, турли соҳалардаги талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда таълимни ишлаб чиқариш амалиёти билан бевосита боғлаш, бўлажак ёш мутахассисларда ишчанлик, илмга чанқоқлик, ташаббускорлик каби фазилатларни тарбиялаш зарурлиги аниқ-равшан белгилаб берилди.
Айни кунда юртимиз кимё саноатининг етакчи корхоналаридан бири — «Максам-Чирчиқ» АЖда олти минг беш юз нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Бу ерда «уста-шогирд» анъанасининг яхши йўлга қўйилгани йигит-қизларнинг жамоага тез мослашиши ва ишга нисбатан рағбат уйғонишида муҳим омил бўлмоқда.
Ҳар йили март — май ойлари давомида Чирчиқ шаҳридаги саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 400 нафарга яқин ўқувчиси турли цехларда ўз касб йўналишлари бўйича амалиёт ўтамоқда. Ўқувчиларга устозлар бириктирилиб, цех бошлиқлари ҳар куни амалиёт бошланиши олдидан уларни йўриқномалар билан таништириш йўлга қўйилган. Ўқувчилар учун корхона ҳисобидан тушлик ташкил этилган ва амалиёт давомида улар стипендия билан таъминланади.
Дипломолди имтиҳонларида мутахассислар бевосита коллежларга бориб, амалиёт ўтаган ўқувчиларни яна бир бор жиддий суҳбатдан ўтказишади ва йўналишлар бўйича саралаб олишади. Бундай эътибор, табиийки, ёшларимизга катта масъулият юклайди. Қолаверса, ўқувчиларнинг бу синовдан қай даражада ўтиши кўп жиҳатдан улар келажагини ҳам белгилаб беради. Шу тариқа жорий йилда 113 нафар коллеж битирувчиси бандлиги таъминланди.
«Максам-Чирчиқ» АЖ ва Чирчиқ саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўртасида касб-ҳунар фаолиятини яхшилаш ва унга моддий ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 2015-2016 ўқув йиллари учун дастур тайёрланди. Ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётини ташкил қилиш, корхонанинг таркибий бўлимларида педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари малакасини ошириш, коллеж педагог ва ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари билан «Максам-Чирчиқ» АЖ мутахассислари учрашувини ташкил этиш, корхона мутахассислари томонидан коллеж ўқувчиларига семинар-дарслар ўтиб бериш, коллежнинг ўқув хоналари ва лабораторияларини жиҳозлаш учун моддий-техник ва услубий ёрдам кўрсатиш каби тадбирлар дастурдан ўрин олган бўлиб, бу амалда ижобий самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўзида корхона томонидан оталиққа олинган касб-ҳунар коллежига 8,5 миллион сўмлик маблағ ажратилди. Яна бир жиҳат, корхонада ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётини ўтаган коллеж ўқувчилари орасида «Амалиётдаги таассуротларим» мавзусида иншолар танлови ўтказилиб, 5 нафар ғолибга эсдалик совғалари топширилди.
Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида «Максам-Чирчиқ» АЖ раҳбарлари, бош мутахассислари ва кадрлар тайёрлаш бўлими ҳодимлари коллежга келиб, педагоглар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ўқувчилар билан мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича суҳбатлар ўтказаётир.
«Ёшлар — келажагимиз» мавзусида анъанавий равишда ташкил этилаётган учрашув ҳам ҳар томонлама фойдали бўлмоқда. Корхонада узоқ йиллар меҳнат қилиб, айни дамда кексалик гаштини сураётган фахрийлар ўгити, шубҳасиз, ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ёш ходимларга касб кўникмаларини сингдириш, уларда лавозим мажбуриятини мустақил ва сифатли бажариш қобилиятини ривожлантириш, корхона таркибий бўлинмаларидаги корпоратив маданиятга кўникиши ва мослашишини жадаллаштириш учун ҳар чорак давомида коллежларни яқин икки йил давомида битириб, меҳнат фаолиятини корхонада давом эттираётган ёшлар билан давра суҳбати ва семинарлар ташкил этилмоқда. Уларда корхона раҳбарияти, мутахассислари ҳамда касаба уюшма қўмитаси вакиллари ёш мутахассисларга корхонада амалга оширилаётган ишлар ва ёш мутахассисларнинг янги иш жойларига кўникиши учун қандай шароитлар мавжудлиги хусусида маълумот бериб боришади.
Шу ўринда бу йил коллежни битириб, корхонада меҳнат қилаётган ёшлар фикрига қулоқ тутсак.
— Уч йил давомида ушбу корхонада амалиёт ўтадим, — дейди марказий лаборатория ходими Нилуфар ўаниева. — Уч томонлама шартнома асосида жорий йил июл ойида ишга жойлашдим. Менга тажрибали лаборант Нодира Тиллаевани устоз сифатида бириктиришди. Ҳозиргача Нодира опадан касб сирларини ўрганиб келмоқдаман.
— Биз ёш мутахассисларга корхонада турли имтиёзлар яратилган, — дейди «Назорат ўлчов асбоблари ва автоматика» цехи ходими Элмира Сайдазимова. — Жумладан, маиший-электр техника воситаларини харид қилиш учун 6 ойга фоизсиз кредит олиш мумкин. Турмуш қураётган ёшларга жамоа шартномаси асосида энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шуни фахр билан айтиш мумкинки, ёш, малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими яхши йўлга қўйилганлиги бугун ўз самарасини бермоқда.