21.12.2015. 2015 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Юридик клиникаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилинганлигининг йигирма йиллигига бағишлаб учрашув ташкил қилинди.
Мазкур учрашувда кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашган олимлар М.Гасанов, А.Рисқуллаев ва Х.Пиримқуловлар билан касаба уюшма фаоллари, ҳуқуқшунослар, Юридик клиника волонтёрлари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Йиғилганлар Меҳнат кодекси ходимлар ва иш берувчилар манфаатини бирдек ҳимоя қилувчи, ижтимоий адолат, иқтисодий тараққиёт, аҳоли фаровонлиги каби тамойилларга асосланувчи мукаммал ҳужжат эканлигини эътироф этишди.
— Ўзбекистон мустақилликка эришгач, МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб Меҳнат кодексини қабул қилди, — дейди кодексни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиси Михаил Гасанов. — Айтиш жоизки, қўшни мамлакатларнинг кўпчилиги ушбу соҳадаги асосий қонунларини биздан андоза олиб яратишди. Баъзиларида эса меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат 2000 йилларнинг бошигача қабул қилинмай келинди. Кодекс лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чоп этилиб, фуқаролар томонидан минглаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Келиб тушган хатлар касаба уюшмалари, иш берувчилар вакиллари, давлат органлари мутахассисларидан таркиб топган экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилиб, умумлаштирилди. Таклифлар мониторинги юритилиб, улар асосида лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳанинг якуний варианти қайтадан эълон қилинди ва жамоатчилик тасдиғидан ўтказилди.
Шунингдек, йиғилганлар қонунчиликда аҳолини ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламлари учун келтирилган меҳнат имтиёзлари, жумладан, ёшлар, аёллар, ногиронларга берилган имтиёзлар тўғрисида сўз юритишди. Шу билан бирга, ўтган 20 йил мобайнида иқтисодиёт, меҳнат муносабатлари, умуман, инсонлар ҳаёти ва дунёқарашида юз берган ижобий ўзгаришлар кодексни янада такомиллаштириш учун асос бўлишини таъкидладилар.