[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.12.2015. Бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва Давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга, айниқса ёшларга атрофлича тушунтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар томонидан тизимли равишда меҳнат жамоаларида “Маънавият соатлари” ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 25 дкабрь куни Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган навбатдаги “Маънавият соати” Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Асосий вазифамиз – жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришдан иборат” номли маърузасига бағишланди.

Тадбирда ўтган йиллар мобайнида барча жабҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва янгиланишлар баробарида тараққиётимизнинг навбатдаги босқичида олдимизда турган устувор вазифалар хусусида, хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш борасида Юртбошимиз маърузаларида таъкидланган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзининг ҳаётийлиги, кенг қамрови ва долзарблиги жиҳатидан ушбу маъруза кенг жамоатчилик, хусусан, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шу жумладан касаба уюшма фаоллари кўнглида шу муқаддас юрт тараққиётида менинг ҳиссам қандай деган саволни уйғотганлиги, барчамизни яна бир бор дахлдорликка чорлагани шубҳасиз эканлиги таъкидланди.

Шу ўринда Президентимиз томонидан ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлида Конституциямизнинг ҳамда ўзига хос миллий тараққиёт моделимизнинг энг муҳим тамойилларидан бири бўлган қонун устуворлиги ва қонунчиликка риоя қилиш принциплари амалда қандай ўрин тутаётгани хусусида қайд этилган масалалар асосий вазифалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган касаба уюшмалари фаолиятида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш зарур.

Тадбирда Давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат касаба уюшмалари ҳам ўз фаолиятлари йўналишларида алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб олдилар. Айниқса, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, улар мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш йўналишларидаги ишларни такомиллаштириш, уларни амалга ошириш механизмларини ривожлантириш тизимини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг қабул қилинган қонунлар ва қонунчилик нормаларини сўзсиз бажаришнинг нақадар долзарб эканлиги, қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда уларнинг умумий принцип ва механизмларини белгилаб қўйиш билан чегараланиб қолмасдан қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни қабул қилишни кейинга сурмаслик лозимлиги юзасидан таъкидлаган фикрлари ҳар бир ташкилотни, шу жумладан касаба уюшмаларини ҳам янада масъулиятли бўлишга ундайди. Бинобарин, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратишда касаба уюшмалари ҳам четда қолмайди.

Тадбирда Давлатимиз раҳбарининг Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлатгина эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилганли борасидаги фикрларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, маърузада бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққанлиги намоён бўлгани таъкидланди.

Иштирокчилар Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг манфаатларининг олий қадрият даражасига кўтарилгани, одамлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш муҳим мақсад эканлиги, ижтимоий адолат принципларини қонунчилик фаолиятимиз барча йўналишларининг асоси деб эълон қилганлиги хусусидаги фикрлари касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим асосий тамойилларидан бири эканлигини таъкидладилар. Шу ўринда мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ишларни янада кучайтириш борасида Юртбошимиз томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари томонидан тизимли тадбирлар белгилаб олингани қайд этилди.

Ушбу мавзуга бағишланган тадбирлар барча меҳнат жамоаларида ўтказилмоқда.