[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.01.2016. 2016 йилнинг 22 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 1-мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда, кун тартибидан ўрин олган 1-масала – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2015 йил якунлари ҳамда республикани 2016 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан ва Федерациянинг VII Қурултойи қарорларидан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшма ташкилотларининг 2016 йилдаги вазифалари тўғрисида Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.
Унда, Федерация томонидан 2015 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:

Ҳисобот йилида меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид янги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалдагиларини такомиллаштиришда касаба уюшмалари иштирокини таъминлаш, ходимларнинг меҳнатга доир ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

dМеҳнаткашлар манфаатларидан ва касаба уюшмаларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан 50 га яқин таклифлар киритилди ва уларнинг аксарияти эътиборга олинди.

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги ҳамда «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 2015 йилда қабул қилинган қонунлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этилди.

«Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини тайёрлашда касаба уюшмалари мутахассислари иштироки таъминланди.

Шунингдек, 160 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланиб, мутасадди идораларга тақдим этилди, меҳнат муҳофазасига доир 90 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ўрганиб чиқилиб, тегишли хулосалар берилди.

Ҳисобот йилида касаба уюшмаларига фуқаролардан келиб тушган 8,1 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 95 фоизи ижобий ҳал этилди, ходимларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича иш берувчиларга киритилган 358 та тақдимнома ва судларга киритилган 112 та даъво аризаси қаноатлантирилишига эришилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш дастурларини амалга оширишга, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасида белгиланган аниқ вазифалар ижроси таъминланди.

Ҳисобот йилида касаба уюшмалари томонидан 6,3 мингдан ортиқ хўжалик субъектида 46,2 мингга яқин янги иш ўрни ҳақиқатда яратилганлиги ўрганилиб, бу борада камчиликка йўл қўйилган ҳар бир ҳолат бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мурожаатлар тақдим этилди ва тегишли тадбирларга қўшимчалар киритилишига эришилди.

Аҳоли бандлиги таъминланиши устидан жамоатчилик назорати доирасида 438 минг нафардан ортиқ коллеж битирувчиларининг ишга жойлаштирилиши, шунингдек, улардан 5 минг нафардан ортиғининг иш жойларида қўнимлилиги мониторинг қилинди.

Касаба уюшмалари ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари ва вақтинча банд бўлмаган ёшлар учун Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 192 та янги иш ўрни яратилди.

Фермер хўжаликларининг 1 млн. 30 минг нафар ходимлари билан меҳнат муносабатлари расмийлаштирилиши таъминланди

Меҳнаткашларнинг, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ишлар янада кучайтирилди.

Ҳисобот йилида касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали аҳоли вакилларига қарийб 128,1 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилишига эришилди. Жумладан:

2 минг 460 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, шунингдек уй-жой қурилиши учун 48,7 млрд. сўм, 1 минг 77 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2,8 млрд. сўм миқдоридаги фоизсиз ссудалар берилди;

2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга қадар фарзандлари бўлган 7 минг нафардан ортиқ ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди, нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 6 минг 240 нафар болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтасини 1 соатга қисқартиришга, 2 минг 416 нафар аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтиришга эришилди;

3 мингдан ортиқ корхоналарда 13 минг нафардан зиёд ёш ходимларни бошқа касбга ўргатиш ҳамда малакасини ошириш ишлари ташкил қилинди, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1 минг 805 нафар талабанинг шартнома пулларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд. 74 млн. сўм сарфланди.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Федерация томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Ёш мутахассислар» III Республика Форуми ташкил этилди, унинг доирасида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилди.

Танловда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган 5,2 минг нафардан ортиқ ёш мутахассислар иштирок этдилар, унинг финал босқичида барча иштирокчилар ташкилотчиларнинг сертификат ва совғалари билан муносиб рағбатлантирилдилар.

Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари юзасидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 30,6 мингдан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган қарийб 162,1 минг нафар ходим аъзоликка жалб этилди ва уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

Ҳисобот йилида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди, Давлат дастури ижросини таъминлаш учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида қарийб 79 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида юртимизда шаклланган азалий қадриятларнинг мазмун-моҳиятини, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли акциялар ўтказиш орқали эҳтиёжманд фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар тизимли равишда олиб борилди.

«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйлари, махсус мактаб-интернатларга қимматбаҳо совғалар, чекка туманлардаги қишлоқ мактабларининг 12 минг нафар 1-синф ўқувчиларига санитар-гигиеник воситалар тўпламлари топширилди.

«Аёли қадрланган диёр» мавзуидаги маданий-маърифий тадбирлар доирасида турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган илғор ва фаол хотин-қизлар рағбатлантирилди, эҳтиёжманд оилалардан бўлган 2 минг 950 нафар аёл замонавий электр маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.

«Касаба уюшмалари – ҳарбийларга» акцияси доирасида Ватан ҳимоячилари куни, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрами, Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилди, мустақилликни ҳимоя қилиш ва хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларига манзилли ёрдам кўрсатилди.

Меҳнаткашларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида «Спорт – саломатлик гарови» республика спартакиадаси, «Кaсaбa-Tур» веломарафони ташкил этилиб, минглаб меҳнаткашларнинг иштироки таъминланди.

Ҳисобот йилида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш ҳамда дам олдиришга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли ишлар амалга оширилди.

Касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда 107,1 минг нафар аҳоли вакиллари соғломлаштирилиб, уларнинг 45,6 минг нафари имтиёзли равишда, 2,1 минг нафари эса бепул равишда ўз саломатликларини мустаҳкамладилар.

Болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилиб, 1 минг 168 та оромгоҳда жами 300 минг 372 нафар болалар, шу жумладан, 56,5 минг нафари имтиёзли равишда, 5,5 минг нафари бепул дам олдирилди.

Ташриф буюрувчилар учун янада замонавий шарт-шароитларни яратиш мақсадида тасарруфдаги 7 та санаторий ва дам олиш уйида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, Жиззах вилоятида янги «Ҳавотоғ гулшани» санаторийси барпо этилди.

«Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2015 йилга мўлжалланган Манзилли дастур» доирасида касаба уюшмалари томонидан Наманган ва Самарқанд вилоятларида 1 тадан янги оромгоҳ қурилди, 4 та оромгоҳда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Ҳисобот йилида халқаро фаолият бўйича асосий эътибор халқаро ташкилотлар, хорижий касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилди.

2015 йилнинг 22-23 апрель кунлари Федерация Кенгаши томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида «Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда касаба уюшмаларининг роли: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференция ишида давлат органлари, касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек ХМТ, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, хорижий касаба уюшмалари марказлари вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, Россия, Франция, Германия, Хитой, Дания, Литва, Молдова, Қозоғистон каби давлатлардан халқаро экспертлар қатнашдилар.

Конференцияда фуқаролар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгуси вазифалар, бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро стандартлар кўриб чиқилиб, тегишли тавсиялар қабул қилинди ҳамда мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларга етказилди.

Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ривожлантириб борилган ўзаро ҳамкорлик натижасида 2015 йилнинг 11 октябрь куни Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош кенгашининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини Конфедерацияга ассоциациялашган аъзо сифатида киритиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.

Федерация Кенгаши вакиллари Россия, Италия, Япония, Жанубий Корея, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон давлатларида ташкил этилган халқаро ўқув-семинарлар, конференциялар, малака ошириш курсларида иштирок этдилар.

Ҳисобот йилида белгилаб олинган устувор йўналишлар доирасида олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали жамоатчилик билан алоқаларни янада кучайтириш, касаба уюшмалари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди.

«Халқ сўзи», «Народное слово», «Правда Востока», «Uzbekistan Today», «Ҳуррият», «Ўзбекистон овози», «Қишлоқ ҳаёти», «Маърифат», «Оила даврасида», «Маҳалла», «Ҳуқуқ ва бурч», «Адолат», «Ватанпарвар», «Нуроний», «Ишонч», «Ишонч-Доверие» каби газеталар саҳифаларида касаба уюшмалари фаолиятини ёритувчи 1050 дан ортиқ таҳлилий мақолалар, хабар ва суҳбатлар чоп этилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг информацион ва таҳлилий дастурлари, хусусан, «Ахборот», «Таҳлилнома», «Давр», «Пойтахт», «Хабарлар» дастурлари, “Биз учун муҳим”, «Телемушоҳада», «Тафсилот», «Давр мавзуси», «Кун мавзуси», «Интервью», «Бугуннинг гапи» каби телекўрсатувлар орқали касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида 210 дан зиёд телелавҳалар намойиш этилди, радиоканаллар орқали 450 га яқин хабар ва эшиттиришлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар эфирга берилди.

Мамлакатда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида амалга оширилаётган тизимли ишларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан, жаҳон ҳамжамиятига етказиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги «Жаҳон» ахборот агентлиги билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаси йўлга қўйилди.

Натижада, амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий материалларнинг «Жаҳон» ахборот агентлиги орқали www.jahonnews.uz сайтида, хорижий нашрлар ва веб-саҳифаларда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари веб-сайтларида чоп этилиши таъминланди.

Федерация Кенгашининг интернет тармоғидаги www.kasaba.uz Порталининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишга туширилиб, «Бепул ҳуқуқий маслаҳат», «Касаба уюшмаси акциялари», «Ишонч телефонлари», «Халқаро фаолият», «Федерациянинг Ёшлар кенгаши», «Федерациянинг Хотин-қизлар кенгаши», «Интерактив хизматлар», «Инфографика» каби блоклар фаолияти йўлга қўйилди.

«Интерактив хизматлар» блоки орқали аҳолига «Касаба уюшмаси ташкилоти қандай тузилади?», «Касаба уюшмасига қандай аъзо бўлиш мумкин?», «Жамоа шартномалари макетлари», «Жамоа шартномасини онлайн яратиш», «Юридик хизматлар», «Фуқаролар мурожаати», «Меҳнат муҳофазаси», «Болалар оромгоҳига йўлланма олиш тартиби», «Санаторийларга йўлланма олиш тартиби» каби интерактив хизматлар кўрсатилиши жорий этилди. Порталдан фойдаланувчилар учун онлайн савол йўллаш имконияти яратилди.

Касаба уюшмалари тизимида ягона ахборот майдонини яратиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ олиб борилди.

Тизимда ҳужжатларни рўйхатга олиш, қайта ишлаш, тайёрлаш, келишиш, сақлаш ва ҳисобга олиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни автоматлаштириш ҳамда ижро интизомини назоратга олиш мақсадида «Касаба уюшма ташкилотлари» электрон ҳужжат айланиш тизими йўлга қўйилди.

Янги жорий этилган идоралараро «Ижро интизоми» ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича Федерация Кенгаши ҳамда аъзо ташкилотларнинг тегишли мутахассислари учун махсус ўқувлар ташкил этилиб, улар тизимдан фойдаланиш учун электрон рақамли калитлар билан таъминландилар.

Ягона интерактив давлат хизматлари Портали орқали фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, бўш иш ўринлари ва раҳбарият қабулига ёзилиш бўйича интерактив хизматлар йўлга қўйилди, мазкур Портал орқали келиб тушган 200 дан ортиқ мурожатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилди.

Ҳисобот йилида касаба уюшмалари ташкилотлари, айниқса, бошланғич ташкилотларнинг фаолият самарадорлигини таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш соҳасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилди.

Фаолияти намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилотларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови ўтказилди.

Ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва касаба уюшмалари нуфузини оширишга қўшаётган салмоқли ҳиссалари учун 22 нафар фаоллар Федерациянинг «Эҳтиром нишони» билан тақдирландилар.

Федерация Кенгаши тасарруфидаги Ўқув марказида 953 нафар касаба уюшмалари фаолларининг малакаси оширилди, уларнинг 616 нафарини, яъни қарийб 65 фоизини бошланғич ташкилотлар фаоллари ташкил этдилар.

Шунингдек, 2015 йил касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайловлар йили бўлганлиги муносабати билан барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари, конференциялари ва қурултойлари юқори савияда ўтказилиши таъминланди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди, бу борада тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда Федерация тизимидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш ҳолати, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ва Федерация Кенгаши тармоқ дастурининг бажарилиши якунлари ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги мажлисидаги маърузасида белгиланган топшириқларни сўзсиз бажариш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар мажмуаси тасдиқланди.

Шунингдек, Федерациянинг 2015 йил 22 декабрдаги VII Қурултойида эълон қилинган ташаббус асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ҳар бир туман (шаҳар)да хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини яратиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Касаба уюшмалари ташкилотларида туризм фаолияти самарадорлигини янада ошириш, касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотлар томонидан аҳолига сервис ва пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича 2016 йилга мўлжалланган режалар маъқулланди.

Мажлис кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.