18.02.2016. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши муносабати билан ҳамда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 11 та йўналиш, 88 та банддан иборат бўлган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг жами 12 та бандида, шундан 8 та бандида асосий ижрочи, 4 та бандида ҳамкор ижрочи саналади.
Давлат дастурининг ижросини таъминлашда фаол иштирок мақсадида касаба уюшмалари Федерациясининг 37 та банддан иборат тармоқ дастури қабул қилинди.
Ушбу дастурда олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур шароитлар яратиш, уларни тизимдаги санаторийларда бепул соғломлаштириш, санаторийлар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ишловчи аёллар учун қўшимча имтиёзлар белгилаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, аввало қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда оромгоҳларда дам олдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, республиканинг олис ва чекка қишлоқ ҳудудларида яшаётган
эҳтиёжманд оилалар аёлларидан 3 минг нафарини электр маиший техникаси бериш йўли билан рағбатлантириш, 560 нафарининг республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш, 400 нафарининг санаторийларда бепул соғломлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, соғлом болани дунёга келтиришда, уларга таълим ва тарбия беришда фидойилик кўрсатаётган 200 нафар тиббиёт, 200 нафар таълим ходимларини ҳамда фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 200 нафар ишлайдиган аъзолари ҳам бепул дам олдирилади.
Тиббий кўмакка муҳтож, 280 нафар репродуктив ёшдаги аёллар ва 14 ёшгача бўлган болаларга ёрдамчи реабилитация воситалари, 140 нафар кўзи ожиз талаба-ўқувчиларга махсус аппаратлар, олий ва ўрта маҳсус ўқув юртларида таҳсил олаётган 300 нафар эҳтиёжманд, иқтидорли талаба қизларга касаба уюшмаси стипендияси берилади.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 50 минг нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 20 минг нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатиш, 2 минг ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз cсуда ажратиш, 50 минг нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.
Шунингдек, дастурда “Касаба уюшмалари – болаларга” акция доирасида республиканинг барча ҳудудларидан 14 та болалар махсус ёрдамчи мактаб-интернатларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш, 12 минг нафар 1-синфга борадиган ўқувчиларга эсдалик совғалар (санитар-гигиеник ашёлар мажмуаси) бериш ва хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ходимлари оилаларига ва фарзандларига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш, 7 000 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда эҳтиёжманд оила фарзандлари учун музейлар, ботаника, ҳайвонот ва бошқа маданият боғларига, 560 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва таълимда юқори натижаларни қўлга киритган ўқувчилар учун “Биз мустақил юрт фарзандларимиз” шиори остида республиканинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳатларни бепул ташкил этиш тадбирлари ҳам акс этган.
Шу билан бир қаторда касаба уюшмалари тизимидаги “Турон”, “Умид гулшани”, Сурхондарё вилоятидаги “Термиз марвариди” санаторийларида, Сурхондарё вилоятида “Амударё соҳили”, Андижон вилоятидаги “Боғишамол”, Сурхондарё вилоятидаги “Бешбулоқ Сурхон Шеробод” ва Хоразм вилоятидаги “Автомобилчи” оромгоҳларида қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Соғлом она ва бола йили” дастури ижросини таъминлаш учун жами 154 млрд. 696 млн. 500 минг сўм маблағ режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 70 млрд. 786 млн. 500 минг сўми касаба уюшмалари маблағларидан, 47 млрд. 910 млн. сўми жамоа шартномалари орқали иш берувчилар маблағларидан, 34 млрд. 300 млн. сўми ҳомийлар маблағлари ҳисобидан, 1 млрд. 700 млн. сўм давлат бюджети маблағи ҳисобидан қопланади.