25.02.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши томонидан 2015 йилдаги фаолият якунлари ва 2016 йилдаги устувор йўналишларга бағишлаб семинар ҳамда мажлис ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ёшлар кенгаши томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига киритилган «Ёшлар учун қўшимча кафолатлар» бўлими янада бойитилиб, бажарилиши таҳлил этиб борилди. Жумладан, жамоа шартномалари ва келишувларида ёшларга имтиёзлар бериш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилиши ва иш жойида қўнимлилигини назоратга олиш, ёш ходимларга фоизсиз ссудалар бериш, талабалар учун корхоналар томонидан контракт пулларини қоплаш, ёшларни корхонада етарли тажриба ва обрўга эга бўлган ходимларга бириктириш, шунингдек, ХМТ Конвенцияларига риоя этилишини таъминлаш каби бандлар акс эттирилди. Киритилган имтиёзлар орқали ишга қабул қилинган битирувчилар билан меҳнат шартномалари тузилмоқда.
Жамоа келишувлари ва шартномаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш комиссияси таркибига ёшлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича эксперт киритилган бўлиб, биргина 2015 йилда Федерация Ёшлар кенгаши томонидан имзоланаётган 41 та жамоа келишуви ва шартномаси лойиҳасини экспертиза қилишда иштирок этилди. Жамоа шартномаларининг ёшларга оид бўлимида кўзда тутилган қўшимча имтиёз ва кафолатларнинг берилиши бўйича мунтазам равишда мониторинг олиб борилди. Ҳисобот даврида жамоа келишувлари ва шартномалари орқали 15 минг 294 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 12 минг 579 нафар талаба шартнома пулининг бир қисми қопланди. 721 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 млрд. 795,7 млн. сўм миқдоридаги фоизсиз ссудалар ажратилди. 782 та корхона ва ташкилотда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини шогирдликка олиб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатаётган 2 минг 201 нафар устоз-ходимни рағбатлантириш учун 472,1 млн. сўм маблағ йўналтирилди. 755 та корхонада 7 минг 129 нафар ёш ходимни бошқа касбга ўргатиш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилди.
Ишлаётган ва таълим олаётган ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий кафолатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган Федерация Кенгаши ва «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан қабул қилинган қўшма тадбирлар режаларининг бажарилишида ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилди.
Семинарда шу ва қўшма тадбирлар доирасида амалга оширилган ишлар эътироф этилди. Йўл қўйилган айрим камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди. Шунингдек, 2016 йилда касаба уюшмалари Ёшлар кенгашлари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
— Ўтган йили Қозоғистоннинг Олмота шаҳрида касаба уюшмалари фаол Ёшлари учун ташкил этилган семинарда қатнашдим, — деди Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Ёшлар кенгаши раиси Самандарбек Раҳмонов. — Унда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси фаолияти, тизимга меҳнаткашларни жалб қилишда ёшларнинг ўрни каби қатор мавзуларда очиқ дарслар ташкил этилди. Халқаро меҳнат ташкилоти вакили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан аъзолик афзалликларини тарғиб қилиш ишлари намунавий олиб борилаётгани, семинарда қатнашаётган давлатлар орасида биринчи эканлигини алоҳида таъкидлаганда кўксимда фахр туйдим. Бундан кейин ҳам фаолиятимни янада жонлантириб, тенгқурларимни ҳам мана шундай ишлашга даъват этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
— Ўтган йили белгилаб олган режамизга қўшимча равишда яна бир қатор ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўнгилли ёшлар иштирокида якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларнинг уй-рўзғор юмушларига кўмаклашиб, дуоларини олдик, — дейди Сирдарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Ёшлар кенгаши раиси Дилновоз Саидова. — Бу ортиқча харажатсиз, лекин самарали ва савобли ишдир. Шундай экан биз, ёшлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсак, кўп нарсага эришамиз.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умаралиев ёшларга берилаётган имтиёз ва кафолатлар ҳақида гапириб берди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев иштирок этди ва сўзга чиқди.