05.03.2016. Мустақиллик йилларида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аёллар манфаатлари акс этган 80 дан ортиқ ҳужжатлар ижрога йўналтирилди.
Энг йирик жамоат ташкилоти бўлмиш Касаба уюшмалари ҳам ўз фаолиятларида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Республикамизда хотин-қизлар учун яратилаётган турли қўшимча ижтимоий имтиёзлар вазирликлар, худудий бошқарма ва бўлимлар, иш берувчилар билан барча бўғин касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикчилик тамойили асосида тузилаётган тармоқ ва жамоа келишувлари, жамоа шартномаларида ўз аксини топмоқда. Бунда умуммиллий миқёсда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув, республика миқёсида амал қилаётган 100 га яқин тармоқ ва 14 та ҳудудий келишувлар, корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган 113 мингдан ортиқ жамоа шартномалари муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ишловчи хотин-қизларнинг ижтимий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномаларига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилиб, улар орқали хотин-қизлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда, хомиладор ва ёш болали аёлларга қўшимча таътиллар, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари ва қўшимча дам олиш куни берилмоқда. Бу орқали аёллар учун қўшимча имтиёзлар яратилиб, меҳнатни бола тарбияси билан қўшиб олиб бориш, оналик ва болаликни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар меҳнати муҳофазаси борасидаги ишлар кучайтирилиб, иш жойларида улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда ишловчи хотин-қизларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши билан бирга, кўплаб масалаларда улардан ҳам ортиқ устунликка эга эканлиги янада аҳамиятлидир. Бунинг ёрқин миолини иқтисодиётнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида яратиб берилаётган имтиёз ва кафолатлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан Чирчиқ шаҳрида фаолият кўрсатаётган “UZTEX Чирчиқ” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида 2 114 нафар киши меҳнат қилаётган бўлса, улардан 1 136 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Мазкур корхонада сифатли матолардан ички ва устки кийимлар ишлаб чиқарилади. Корхона АҚШ, Япония, Германия каби ривожланган давлатларнинг энг замонавий асбоб-ускуналари билан жиҳозланган.
“UZTEX Чирчиқ” МЧЖ қўшма корхонаси касаба уюшма қўмитаси ва маъмурият ўртасида 2015-2017 йиллар учун жамоа шартномаси имзоланган бўлиб,
унда хотин-қизлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар беришга оид қатор меъёрлар киритилган. Хусусан, корхонада ходимлар, айниқса хотин-қизлар саломатлиги масаласи касаба уюшмаси назоратига олинган. Шу мақсадда Тиббий марказ ташкил этилиб, белгиланган муддатларда ишловчи хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказиб борилади. Хотин-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтиш вақтидаги иш ҳақи сақланган ҳолда амалга оширилади. Биргина 2015 йил давомида корхона Тиббий марказида 241 нафар хотин-қиз тор мутахассислар кўригидан ўтказилиб, саломатликлари мустаҳкамланишига эришилди.
Хотин-қизларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш масаласи ҳам жамоа шартномасидан алоҳида ўрин олган. Унга мувофиқ ишловчи аёллар белгиланган муддатларда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқдан ўтказилиб, улар учун махсус ўқувлар ташкил этилади. Ҳар бир ишловчи аёл махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Ходимлар, шу жумладан хотин-қизларнинг иш ўринлари ҳам ўз вақтида аттестациядан ўтказилади.
Бунда корхонанинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида ҳар бир иш ўрни юзасидан меҳнат шароитлари бўйича ишлаб чиқилаётган меъёрий талабларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Ушбу норматив талаблар биринчи навбатда корхонада ишлаётган аёллар меҳнатини ташкил этиш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, меҳнат ва дам олиш вақтини тартибга солиш, аёлларга ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш, аёлларни белгиланган тартибда меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, уларни махсус кийим-бош билан таъминлаш ишлари сифати ва самарадорлигини оширмоқда.
Хусусан, 2015 йил давомида корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан аёллар меҳнат шароитларини янада яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, корхонанинг аёллар меҳнат шароитларини яхшилаш ва саломатликларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий дастурлар амалга оширилди.
Корхонада хотин-қизлар учун маиший бинолар, ювиниш ва шахсий гигиена хоналари, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, 450 ўринли ошхона фаолияти йўлга қўйилган. Жамоа шартномаси орқали улар бепул тушлик билан таъминланадилар. Уларнинг ишга келиб кетишлари учун бепул хизмат автобуслари ажратилган.
Корхонада соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш ва ходимларни касб касалликларидан муҳофазалаш мақсадида ходимлар гимнастикаси жорий этилган бўлиб, унда барча ишловчи хотин-қизлар жалб қилинган. Шунингдек, махсус спорт тренажёрлари билан жиҳозланган залларда аёллар ишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконига эгалар.
Ўтган йил давомида жамоа шартномасига асосан Қўшма корхонада меҳнат қилаётган 28 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари учун қарийб 67 млн. Сўм, 2 ёшгача бўлган фарзандни парваришлаш таътилида бўлган 50 нафар аёлларга 136 млн. сўм нафақа пуллари тўлаб берилди. 80 нафардан ортиқ аёлга моддий ёрдам кўрсатилди. Нафақат корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли соғломлаштирилди.
Корхонада хотин-қизлар учун касаначилик асосидаги иш ўринлари ҳам ташкил этилган ва касаначи хотин-қизлар ҳам корхона жамоа шартномасида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан тўлиқ фойдаланмоқдалар.
Ишловчи хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни маданий-оммавий ва спорт тадбирларига жалб этиш масалалари ҳам касаба уюшма қўмитасининг доимий диққат марказида. Хусусан, корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва уларнинг оила аъзолари учун юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳтлар уюштириш, театр ва концетрларга жамоавий ташрифларни ташкил этиш, дам олиш кунлари табиат қўйнида ҳордиқ уюштириш анъанага айланган.