11.03.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, шунингдек тармоқ касаба уюшмаларининг 20 га яқин туман ва шаҳар кенгашлари, 40 дан зиёд бошланғич ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, амалий-услубий ёрдам кўрсатилди.
Бунда асосий эътибор барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида фаолиятни Устав талаблари асосида йўлга қўйиш, корхона ва ташкилотларда имзоланган жамоа шартномаларининг сифати ҳамда мазмуни, уларда белгиланган имтиёзлардан ходимларнинг тўлиқ фойдаланишини таъминлаш, ишловчилар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини имтиёзли равишда соғломлаштириш ва дам олдириш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини батафсил ўрганиш, келгусида улар самарадорлигини оширишга қаратилди.
Ўрганиш якунлари бўйича касаба уюшма ташкилотлари ходимлари ва фаоллари учун амалий семинар ўтказилиб, унда аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш чоралари бўйича атрофлича тушунтириш берилди. Семинар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарилди.