[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.03.2016. 2016 йилнинг 30 март куни Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ҳамкорлиги ва унинг истиқболларини муҳокама этишдир.

– Мен Ўзбекистондек тинч ва меҳмондўст мамлакатга келганимдан бениҳоят мамнунман. Ушбу мамлакатга илк бора ташриф буюришим бўлишига қарамай бу ерда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик ва жипслик мени ҳайратга солди. Жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги тизимли ишларга бўлган қизиқиш ва эътибори делегациямиз ташрифига туртки бўлди,десам муболаға бўлмайди,- дея таъкидлади Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси бош котиби  Шаран Барроу. – Мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, барча соҳаларнинг тўхтовсиз ривожланаётгани, аҳоли фаровонлигининг доимий ўсиб бораётгани Ўзбекистон Президентининг оқилона ва узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати натижасидир. Мамлакат Ҳукумати томонидан раҳбар кадрлар салоҳиятини, иш берувчилар, ходимлар ва барча аҳолининг халқаро меҳнат стандартлари ҳамда ХМТ конвенцияларини жорий этиш хусусидаги хабардорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) таркибига 333 та миллий касаба уюшма марказларини олган, жаҳоннинг 163 мамлакатидаги 180 миллионга яқин  ходимларни бирлаштирган йирик касаба уюшма бирлашмаси ҳисобланади. ХКУК доирасида бир нечта регионал ва халқаро касаба уюшма тузилмалари, шу жумладан, Касаба уюшмалари Европа конфедерацияси ҳамда Европа ҳудуди ва МДҲ мамлакатларини ўз ичига олган Касаба уюшмалари Умумевропа регионал кенгаши (ВЕРС) фаолият кўрсатади.

ХКУК касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқлари, иқтисодий ва ижтимоий сиёсат, тенгликка эришиш, халқаро бирдамлик соҳаларида фаолият олиб боради ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ва БМТнинг бир қатор ихтисослаштирилган муассасалари билан яқин ҳамкорликда ишлайди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида делегациянинг касаба уюшма фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида асосий эътибор фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳаларида олиб борилаётган ишларга қаратилди. Хусусан, тадбирда фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало Нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмалари муҳим ўринга эгадир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги – оилалар фаровонлиги ҳамда улар даромадларини ошириш  асосидир. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келади.

Ўз навбатида юқоримартабали меҳмон томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг илгарига интилган ҳолда барқарор ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёти сифати ва турмуши даражасини ошириш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларнинг муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш имкониятини яратаётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишларга мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносибҳисса қўшаётгани диққатга сазовордир.

– Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндошувни намойиш этмоқда, – дея таъкидлади хусусан ХКУК бош котиби Шаран Барроу. – Делегациямизнинг корхона, ташкилот ва муассасаларга ташрифи Ўзбекистонда давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот, жаҳонда юз бераётган иқтисодий инқироз даврида аҳоли бандлигини мақсадли таъминлаш, касаба уюшмалари фаолияти учун яратилган шароитлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга муносибдир.

Шаран Барроу шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолиятини юқори баҳолади. У мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи касаба уюшма ҳаракатлари билан халқаро ҳаморлиги ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда кичик бизнесни, хусусий, айниқса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилингани ва амалга оширилиши таъминланаётгани аҳоли бандлигини таъминлаш учун улкан имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Шунингдек, мамлакатда касаначи ходимлар ва шахсий томорқа хўжаликларида банд бўлган инсонлар учун меҳнат муносабатларини расмийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар қувонарли ва алоҳида таҳсинга лойиқ эканлиги қайд этилди.

Сўзсиз, Ўзбекистон Парламенти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш Республика ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш тажрибаси, мазкур дастурларда ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилиши алоҳида эътиборга молик эканлиги ҳам делегация вакиллари томонидан эътироф этилди. Шунингдек, улар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш билан бирга, янги иш ўринларини яратиш, уларда коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларига ижобий баҳо бериш билан бирга, мазкур йўналишдаги ишларнинг бошқа мамлакатлар касаба уюшмалари тажрибасида учрамаслигини таъкидладилар.

– Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар бизда катта таассурот қолдирди, – дея таъкидлади Шран Барроу. – Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида охирги 5 йил ичида Ўзбекистон касаба уюшмалари сафига 500 минг янги аъзо қўшилган.

ХКУК делегацияси ташрифи доирасида корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоалари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, ташрифнинг биринчи куни ХКУК делегацияси вакиллари “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” Акциядорлик жамиятида  бўлдилар.

– Меҳнат жамоаларига ташрифлар чоғида биз меҳнаткашларнинг кайфияти юқори эканлигига амин бўлдик. Ходимлар ойлик маошдан ташқари жамоа шартномалари орқали қўшимча даромадлар олаётганидан мамнунлар. Бунда албатта ижтимоий масалаларни ҳал этиш, меҳнат жамоаларидаги барқарор муҳитни таъминлашда кўмаклашаётган касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Меҳнат жамоаларида яратилган шарт-шароитлар ходимлар фаровонлиги ва ишлаб чиқариш унумдорлигини таъминлайди. Зеро барқарор фаолият кўрсатаётган меҳнат жамоаси – барқарор жамият, барқарор жамият эса – барқарор давлат демакдир, – таъкидлади Шаран Барроу.

Делегация вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Юридик клиника фаолияти билан ҳам танишдилар.

Учрашувлар сўнгида очиқ ва конструктив мулоқотлар жараёнида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва ХКУК ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Жорий йилнинг 31 март куни ХКУК делегацияси вакилларининг Самарқанд шаҳрига ташрифи ҳамда «Sam antep gilam» ва «Agromir juice» Масъулияти чекланган жамиятлари меҳнат жамоалари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон касба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати