[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.04.2016. 2016 йилнинг 19 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2-мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда, аввало, касаба уюшмаларининг 2016 йил учун белгилаб олинган устувор йўналишлари доирасида жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар якунлари тўғрисида Федерация раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.

Унда, устувор йўналишлар доирасида тизимда аниқ мақсадга йўналтирилган қатор ишлар олиб борилганлиги қайд этилди. Жумладан:

Меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш борасида мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан киритилган меҳнат муҳофазасига доир 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ўрганиб чиқилди ва уларнинг 4 таси белгиланган тартибда келишилди, 16 та идоравий норматив ҳужжат жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди.

Касаба уюшмалари ташкилотларига меҳнаткашлар томонидан киритилган 1 минг 574 та мурожаат ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 396 таси ҳал этилди. Бунинг натижасида 133 нафар шахснинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Ижтимоий шериклик асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини ошириш борасида жорий йилнинг 18 февралида 2014-2016 йиллар учун Бош келишувнинг 2015 йилги ижроси учтомонлама комиссияси томонидан муҳокама этилди ҳамда 2016 йилги вазифалар белгиланиб олинди.

Тадбиркорликка янада кенг йўл очиб берилишига, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик натижасида олинаётган даромадлар улушининг тобора ортиб боришига эришиш, меҳнат муносабатларига оид амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ёшлар, аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш ва имкониятларини кенгайтириш ишларида фаол иштирок этиш, улар учун белгиланган имтиёзлар берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида йўлга қўйилган тизимли ишларни давом эттириш шулар жумласидандир.

Шунингдек, ҳисобот даврида касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи 123 минг 450 та юридик шахснинг 122 минг 619 тасида, яъни 99,3 фоизида имзоланган жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш доирасида 15 минг 408 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни квоталанган иш ўринларига ишга жойлаштиришга кўмаклашилди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат жамоалари билан касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари бўйича олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 7 мингдан ортиқ хўжалик субъектларида фаолият олиб бораётган 50 минг нафардан зиёд ходимлар касаба уюшмалари ҳимоясига олинди.

Иш берувчилар томонидан меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 20 та вазирлик ва идораларнинг малака ошириш муассасалари ўқув дастурларига меҳнат муносабатлари бўйича мавзулар киритилиб, касаба уюшмалари малакали мутахассисларининг ушбу мавзуларда маърузалар билан иштирок этиши йўлга қўйилди.

Жойларда миллий ва халқаро меҳнат стандартлари, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, меҳнатни муҳофаза қилиш мавзуларида ўқув-семинарлар ўтказилди ва уларда 41,5 минг нафардан зиёд фермер хўжаликлари раҳбарларининг иштироки таъминланди.

Шунингдек, Ватан ҳимоячилари куни, Хотин-қизлар куни, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, акциялар ташкил этилди, фаол аёллар ва фахрийларга ижтимоий кўмак берилди, ушбу мақсадлар учун жами 2,6 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари тасарруфдаги санаторийларда 26,5 минг нафардан ортиқ аҳоли вакиллари соғломлаштирилди, уларнинг қарийб 30 фоизи имтиёзли равишда ўз саломатликларини тикладилар. Санаторийларда дам олувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш учун 1,7 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди, бу борада тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда «2014-2016 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури»нинг касаба уюшмалари тизимидаги ижроси, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида олиб борилаётган ишлар, 2015 йилда жамоа шартномаларининг бажарилишига оид ҳисоботлар якунлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар томонидан жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш ва бу орқали фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижалари батафсил муҳокама этилди.

Мажлис якунида «Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш юзасидан тақдимномасини касаба уюшмаси қўмитаси мажлисида кўриб чиқиш тартиби» тасдиқланди, «Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома»га тегишли ўзгартишлар киритилди, шунингдек Федерация Кенгаши тасарруфидаги Ўқув маркази фаолиятини ҳамда касаба уюшмалари кадрлари малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлис кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.