[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.06.2016. Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ жисмонан ва маънан соғлом, ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда Ҳукумат даражасида Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг ташкил этилиши ёш авлодни соғломлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.

Ўзбекистоннинг болаларни соғломлаштириш борасидаги бошқа мамлакатларга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти уйғунлигини таъминлаш амалиёти бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси” соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини янада оширди. Натижада, бугун болалар оромгоҳлари фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари бўлибгина қолмай, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказларига айланди.

Яна бир муҳим жиҳат – мамлакатимизда ҳар йили Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастурлар тасдиқланиб, амалга оширилаётгани давлатимиз томонидан мазкур соҳа ривожига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Мазкур Манзилли дастурларга мувофиқ Республикада мавжуд оромгоҳлар моддий-техник негизи мустаҳкамланиб, янги дам олиш масканлари барпо этилмоқда. Натижада йилдан йилга ўғил-қизларни оромгоҳларга жалб этиш кўлами ҳамда бу борадаги ишлар сифати ортиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилдан буён  қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида 11 та янги оромгоҳ қурилиб, 36 та оромгоҳда реконструкция ишлари, 70 та оромгоҳда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида  оромгоҳлардаги ўринлар сони қарийб 5200 тага кўпайди.

2016 йилги Манзилли дастурга мувофиқ 41 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилгани ҳолда жорий йилги мавсумда 5 та оромгоҳда кенг кўламдаги қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” оромгоҳи шулар жумласидандир.

Куни кеча 250 ўринга мўлжаллаб, замонавий талаблар асосида янгидан барпо этилган мазкур оромгоҳнинг тантанали очилиш маросисми бўлиб ўтди. Унда касаба уюшма фаоллари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, ота-оналар ва фахрийлар иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, 4,3 гектар ер майдонига эга бўлган мазкур оромгоҳ бугун болажонларнинг шўх-шодон кулгулари билан янада файзга тўлган. Жорий йилда 5 навбатда фаолият юритиши кўзда тутилган янги оромгоҳда 1300 нафарга яқин ўғил-қиз мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.

Соғлом она ва бола йилида ҳамда Давлатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида вилоят аҳолиси учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу оромгоҳни реконструкция қилиш ва жихозлаш ишларига  5,5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Натижада оромгоҳда оромгоҳда замонавий лойиҳалар асосида ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, манавият хонаси, тиббиёт хонаси, ювиниш хоналари, сузиш ҳавзаси, кирхона капитал реконструкциядан чиқарилди. Оромгоҳга олиб борувчи йўллар ва ҳудуд асфальтланиб, ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари барпо этилди. Айни вақтда оромгоҳда болажонлар учун кенг ва шинам ётоқ корпуслари, маънавият маърифат хонаси,  кутубхона, тўгарак хоналари, барча қулайликларга эга спорт майдончалари, замонавий ошхона хизмат кўрсатмоқда.

Дам олаётган ўғил-қизларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича саводхонлиги оширилмоқда. 10 га яқин тўгарак машғулотларида эса болажонлар ўзлари қизиққан йўналишларда машғулотлар ўтмоқдалар. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган Болалар учун мўлжалланган шеърлар, куй ва қўшиқлар танловида саралаб олинган ижод намуналари ўғил-қизлар билан ўтказилаётган таълим-тарбиявий жараёнларда жуда асқотмоқда. Болажонлар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар билан таъминланган кутубхона ҳам доимо гавжум. Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника воситалари, ошхона анжомлари билан жиҳозланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир.  Болажонлар бу масканда дармондориларга бой таомнома асосида     5 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган.

Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Тантаналар давомида болажонларга мустақиллик йилларида республикамизда амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг мазмун-моҳияти сингдирилди.  “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида болажонларга совғалар ҳадя этилди.

Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида болажонлар Она Ватанимиз, Мустақиллик берган имкониятлар,  барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати