[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.06.2016. Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам шулар жумласидандир. Жорий йилда ҳам ўтган йиллардаги каби меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг ҳар томонлама баркамол ривожланган авлод тарбияси борасидаги тажрибаси халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам мунтазам эътироф этилмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда  имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга биргаликда йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Копцепцияси” талаблари асосида болаларни соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш ишлари мувофиқлаштириб келинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “2016 йилги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш” мавзуига бағишланган ўқув-услубий семинарлар ташкил этилиб, болаларни соғломлаштириш ишларига алоқадор бўлган барча ходим ва мутахассисларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари оширилди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, жорий Она ва бола йилида мавсумга тайёргарлик ишлари ўтган йилги мавсум тугаши биланоқ бошланди. Хусусан, болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда энг аввало болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Барча турдаги оромгоҳлар махсус ишлаб чиқилган тавсиялар, услубий-қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар, қўшиқлар ва шеърлар тўпламидан иборат компакт-дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланди.

Соғломлаштириш кўламининг ортиши рақамларда

2016 йилда мамлакатимиз миқёсида 1 минг 204 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Рақамлардан кўриниб турибдики, жорий йилда республикамизда фаолият кўрсатувчи оромгоҳлар сони ўтган йилги режага нисбатан 55 тага кўпайди. Улардан 213 таси стационар, 851 таси кундузги, 140 таси Меҳнат ва дам олдириш  оромгоҳларидир.

Ушбу оромгоҳларда 292 минг 46 нафар, шу жумладан стационар оромгоҳларда 153 минг 861 нафар, кундузги оромгоҳларда 138 минг 185 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Бу ўтган йилги режага нисбатан болаларни соғломлаштириш қамрови 5 минг нафарга ортганини кўрсатмоқда.

29 июнь ҳолатига республика бўйича 211 та стационар оромгоҳда 75 минг 896 нафар, 861 та кундузги оромгоҳда 114 минг 253 нафар, жами 190 минг 149 нафар бола соғломлаштирилиб, белгиланган режанинг қарийб 65, 1 фоизи бажарилди.

Жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти сифати ва самарадорлигини янада оширишга алоҳида  эътибор қаратилди. Хусусан, бу йил ёз мавсуми давомида республикамиз ҳудудларида 15 та интеллектуал ривожлантириш,  14 та экологик-биологик, ўлкашунослик, 14 та техник ижодкорлик, 14 та бадиий ижодиёт, 7 та ижтимоий мослашув (меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун) ихтисослаштирилган оромгоҳлари фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, 140 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида ўсмир ёшдаги ўғил-қизлар ҳордиғи таъминланмоқда.

Янгича ёндошув самараси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 мартдаги 34-сонли баёнига мувофиқ  ҳар бир ҳудудда мавсумни юқори савияда ўтказишга тизимли тайёргарлик кўрилди. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи негизида бир қатор вазирлик ва идоралар мутасаддилигида тузилган Ишчи гуруҳлари ҳам ўз фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда аниқ вазифаларни амалга оширдилар.

Оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш

Оромгоҳларда болажонларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан устувор қилиб белгиланган. Шу мақсадда ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ўрнатилган.

Хусусан, оромгоҳларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш мақсадида (1 минг 500 нафардан ортиқ) ички ишлар идоралари ходимлари бириктирилиб, уларга хизматда фойдаланиш учун автотранспорт ва алоқа воситалари ажратиб берилди.

Оромгоҳларга олиб борувчи 3 минг 801 км асосий ва ички йўллар инвентаризациядан ўтказилиб, бугунги кунга қадар 279 та йўл белгилари ўрнатилган. Оромгоҳларга олиб борувчи йўлларда йўналтирувчи устунчалар янгиланди, муҳофазаловчи тўсиқлар, темир йўл кесишмалари таъмирланди.

Болалар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида оромгоҳларга 3350 нафар малакали шифокор ва ҳамширалар, 400 нафардан ортиқ СЭС мутахассислари тиббий хизмат кўрсатмоқдалар. Шунингдек, оромгоҳларга ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларидан тез тибббий ёрдам машиналари бириктирилиб, ҳар бир оромгоҳ белгиланган миқдордаги дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланган.

Оромгоҳларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, уларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳам қатъий назоратга олинган. Жорий йилда оромгохлар таомномаси хилма хиллиги оширилди, таомномага фиточойлар киритилди. Барча оромгоҳлар зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланди.

Ижтимоий ҳимоя ва имтиёзлар кўлами кучайди

Мавсум давомида кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган ижтимоий ҳимояталаб ходимлар фарзандларини имтиёзли соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати натижасида жорий йилда соғломлаштрилиши режалаштирилган 292 минг нафардан ортиқ боланинг деярли барчаси имтиёзли соғломлаштирилади, десак муболаға бўлмайди. Чунки, ишловчи ота-оналар ўзлари меҳнат қилаётган корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшма қўмитаси орқали жамоа шартномаси асосида йўлланма нархининг ўртача 30 % миқдоридаги қийматини тўлайдилар.

Ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларига эса бепул ва имтиёзли асосларда йўлланмалар ажратилмоқда. Бундай имтиёздан бу йил жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг 40 минг нафардан ортиқ фарзандлари фойдаланадилар.

Давлатимизнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги натижасида Оролбўйи минтақаси, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан 4 500 нафар болажонларнинг бепул дам олдирилиши ташкил этилмоқда. Хусусан, улар Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги корхона ва ташкилотларга қарашли энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилиши билан бирга уларнинг келиб-кетиши билан боғлиқ йўл ҳаражатлари ҳам бепул ташкил этилмоқда.

29 июнь ҳолатига 1830 нафар Оролбўйи болаларининг ҳордиғи таъминланди. Бугунги кунда қизғин бораётган мавсумнинг 2-навбатида 1000 нафар Қорақлпоғистон ва Хоразм вилояти болажонлари мароқли ҳордиқ чиқармоқдалар.

Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг нафар тарбияланувчиси, 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бепул дам олдирилмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг режада 600 нафар белгилангани ҳолда амалда  1000 нафар фарзанди бепул соғломлаштирилди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё  ва Узун туманларидан 100 нафар болажонларнинг ҳам худди шундай имтиёздан фойдаланиши таъминланди.

Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида Касаба уюшмалари тизимидаги “Турон”, “Чинобод”, “Ботаника”, “Бўстон”, “Оқтош”, “Косонсой”, “Чортоқ”, “Чимён”, “Зомин” ва “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийларида “Она ва бола” йўлланмалари асосида 2400 нафардан ортиқ болажонлар ота-оналари билан биргаликда соғломлаштирилиши режалаштирилган. Бугунги кунгача шу турдаги йўлланмалар асосида санаторийларда 1067 нафар она ва болалар бргаликда соғломлаштирилди.

Ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ва сифати ортиб бормоқда

Жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар йўналишлари кўпайиши билан бирга улар фаолияти сифатини оширишга ҳам катта эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳар бир ҳудудда Интеллектуал ривожлантириш, Ҳарбий-спорт,  Ижтимоий-мослашув, Экологик-биологик, Ўлкашунослик, Техник ижодкорлик, Бадиий ижодкорлик,  Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари фаолият кўрсатмоқда.

Ихтисослашган йўналишлар бўйича дастурлар қайта кўриб чиқилиб, чет тиллари бўйича  ўқув дастурлари кенгайтирилди. Ҳар бир йўналиш бўйича услубий қўлланмалар лойиҳалари тайёрланди ва кўпайтирилиб оромгоҳларга етказиб берилди.

Аҳамиятли томони шундаки, ихтисослаштирилган оромгоҳларга болалар қизиқишлари ва дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда жалб этилмоқда.

Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари

Масалан, касаба уюшмалари Федерацияси ўз тасарруфидаги “Қуёшли” оромгоҳида Республика “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳини ташкил этди. Ушбу масканда “Билимлар беллашуви” ҳамда фан олимпиадалари ғолиби бўлган 500 нафар бола устозлари билан биргаликда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бепул соғломлаштирилмоқда. Мавсумнинг 1-навбатида 250 нафар иқтидорли болалар дам олдирилган бўлса, 2-навбатда яна 250 нафар били мдон ўқувчилар ҳордиғи таъминланади.

Бу турдаги оромгоҳларда бир ёки бир нечта фанлар, ҳорижий тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.Турли фанлар йўналишларида табиат қўйнида маҳорат дарслари ташкил этилиб, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, фан арбоблари билан суҳбат ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Худди шу турдаги оромгоҳлар Республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этилди.

“Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари

Маълумки, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлар жалб этилади. Ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг ҳам мароқли ҳордиғини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари ҳамкорлигида ҳудудларда 140 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари ташкил этилди.

Мазкур турдаги оромгоҳларга академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг          15-18 ёшдаги ўқувчилари жалб этилди. Уларда лицей ва коллеж ўқувчилари мазмунли хордиқ чиқариш билан бирга ижтимоий фойдали меҳнат кўникмаларини ҳам ўзлаштирдилар ҳамда танлаган касб-ҳунарлари бўйича амалиёт машғулотларини ўтдилар. “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида ўқувчилар меҳнатини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ўзлари қилган меҳнатларига яраша маош билан таъминлаш тажрибаси ҳам йўлга қўйилди.

Бу турдаги оромгоҳларда ўқувчилар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилиб, уларни ложувард сув ҳавзаларида чиниқтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунгача ҳудудларда ташкил этилган “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида 5930 нафардан ортиқ ўсмирлар ҳордиқ чиқардилар.

Ҳарбий-спорт оромгоҳлари

Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида Касаба уюшмалари, Ички ишлар вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида вояга етмаганлар комиссияси ҳисобида турувчи болалар учун Ҳарбий-спорт оромгоҳлари ташкил этилмоқда. Уларда 1500 нафардан ортиқ бола соғломлаштирилиши режалаштирилган.

Ҳордиқ давомида улар учун педагог-психологлар иштирокида турли семинар-тренинглар, спорт мусобақалари, жисмоний чиниқиш машқларини ўз ичига олган машғулотлар ўтказилмоқда.

Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳлари

Турли ҳудудларда ташкил этилган 14 та Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳларида болажонлар дам олиш билан бирга табиат қўйнидаги машғулотлар орқали мазкур йўналишдаги билим ва кўникмаларини бойитмоқдалар.

Хусусан, болажонлар учун табиат ҳодисаларини кузатиш, экологияга тааллуқли масалаларни ўрганиш ва муҳокама қилиш тадбирлари ташкил этилмоқда.

Техник ижодкорлик йўналишидаги оромгоҳлар

Республика миқёсида ташкил этилган 14 та Техник ижодкорлик оромгоҳларида болажонларнинг техник ижодкорлик қобилияти ривожлантирилиб, техник моделларни конструкциялаш бўйича дастлабки кўникмалар берилмоқда.

Ушбу оромгоҳларда ҳордиқ давомида болалар чизмачилик асослари билан таништирилиб, тайёр чизма ва шаблонлар ёрдамида турли хил моделларни ясашга ўргатилмоқда. “Кемасозлик”, “Авиамоделизм”, “Автомоделизм” каби тўгаракларда уларга малакали мутахассислар томонидан машғулотлар ўтказилмоқда.

Бадиий ижодиёт йўналишидаги оромгоҳлар

Жорий йилда ташкил этилган 14 та Бадиий ижодиёт оромгоҳлари фаолияти болаларни ижодга қизиқтириш,  бадиий савиясини оширишга йўналтирилган.

Ижтимоий мослашув оромгоҳлари

Республика миқёсида фаолияти йўлга қўйилган 7 та Ижтимоий мослашув оромгоҳига Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, мактаб-интернатлар ўқувчилари, жисмоний имконияти чекланган болалар жалб этилмоқда.

Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлар дала ҳовлиларида ташкил этилган мазкур оромгоҳлар болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга уларда етакчилик ва фаолликни, ижтимоий мослашув кўникмаларини шакллантириш, қўшимча таълим-тарбия беришга йўналтирилган.

Кундузги оромгоҳлар

Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш қўламини янада кенгайтириш мақсадида тегишли шарт-шароитлар мавжуд бўлган мактаблар, академик лицейлар ва коллежлар қошида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Уларда болалар кун давомида дам олиш билан бирга маданий-маърифий тадбирлар билан қамраб олинмоқда. Ҳордиқ давомида маданият ва истироҳат ҳамда ҳайвонот боғларига саёҳатлар уюштирилмоқда.

Жорий йилда кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмунан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу турдаги оромгоҳларда махсус дастурлар асосида болалар учун кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиши билан бирга турли йўналишлардаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, болалар бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

Тарбиявий ишлар сифатини ошириш

Жорий йилда оромгоҳларда ҳордиқ мазмуни бойитилиб, таълим-тарбия ишлари сифати оширилишига алоҳида эътибор қаратилди. Барча оромгоҳлар кутубхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, замонавий бадиий адабиётлар, зарур жиҳозлар, миллий истиқлол руҳи акс этган турли мавзулардаги плакатлар, баннерлар ва байроқчалар билан таъминланди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган таҳлиллар натижасида ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқаларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган эди. Бундан келиб чиқиб, жорий йилнинг февраль-апрель ойларида Федерация Кенгаши томонидан болалар қўшиқлари, шеърлари ва мусиқаларини яратиш бўйича Республика ижодий танлови ташкил этилди. Мазкур танловга тақдим этилган ижодий ишлар орасидан танлаб олинган мусиқий ва бадиий асарлар оромгоҳлардаги тарбиявий ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга йўналтирилди. Яъни, оромгоҳларда миллийлик ҳамда  ватанпарварлик руҳига йўғрилган куй ва қўшиқлар, фильмлардан фойдаланиш мақсадида улар асосида барча оромгоҳлар учун болаларбоп шеър, куй ва қўшиқлардан иборат дисклар, “Ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун тадбирлар сценарийлари” тўпламлари ишлаб чиқилиб, дам олиш масканларига етказилди.

Махсус тайёрланган услубий қўлланмалар, тавсиялар бугунги кунда барча оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Оромгоҳлар болалар учун махсус яратилган 42 номдаги бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар билан таъминланди.

Оромгоҳларда 23 минг нафардан ортиқ малакали педагог кадрлар, етакчилар, спорт йўриқчилари, тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассислари, маданият ходимлари болалар иқтидорини ривожлантириш, маънавиятини юксалтириш, улар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш йўналишларида фаолият олиб бормоқдалар. Оромгоҳларда 10 дан ортиқ тўгараклар билан бирга чет тилларини ўргатиш бўйича махсус тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибидаги ишчи гуруҳлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус дастур асосида оромгоҳларга театрлар, ижодий жамоалар, адиблар, шоирлар, рассомлар ташрифлари уюштирилмоқда. Болалар учун маданий-тарбиявий тадбирлар, турли лойиҳа ва акциялар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Ҳар бир оромгоҳда Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, акциялар ўтказилмоқда. Хусусан, барча оромгоҳларда “Мустақиллик – менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари – болаларга” акциялари ўтказилмоқда. Улар орқали болалар онгига мустақиллик йилларида турли соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқлар, уларнинг самараси, ёш авлод камолоти йўлидаги саъй-ҳарактларнинг мазмун-моҳияти сингдирилмоқда. Мазкур акциялар доирасида таниқли адабиёт ва санъат намоёндалари, профессор-олимлар, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон ва онахонлар таклиф этилиб, болалар билан суҳбат ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Оромгоҳлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш

Республика Ҳукумати даражасида ҳар йили тасдиқланаётган Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастурлар мамлакатимизда ёш авлод камолотига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ҳар йили Республика миқёсида 50 га яқин оромгоҳларнинг моддий-техник негизи мустаҳкамланмоқда. Юртимизда мавжуд оромгоҳларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни энг замонавий дам олиш масканларига айлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасида оромгоҳлар йилдан-йилга янгиланиб бормоқда.

Масалан, 2012 йилдан буён қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида 9 та оромгоҳ янгидан қурилди, 27 та оромгоҳда реконструкция ишлари амалга оширилди ва 45 та оромгоҳ капитал таъмирланди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Ниҳол», Навоий вилоятида «Ишонч», Наманган вилоятида «Камалак», «Норин», Самарқандда «Чорчинор», Хоразмда «Шодлик», Қашқадарёда Мирзо Улуғбек номли, Сурхондарё вилоятида “Хонжиза” каби оромгоҳлар, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Жиззахда «Истиқлол», Ички ишлар вазирлиги томонидан Бўстонлиқ туманида «Оқтош», «Ўзпахтасаноат» уюшмаси томонидан Жиззахда Амир Темур номли оромгоҳлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур бунёдкорлик ишлари натижасида, оромгоҳлардаги ўринлар сони қарийб 5 мингтага кўпайди.

2015 йилги Манзилли дастурга мувофиқ 27 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2016 йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Манзилли дастур лойиҳасига мувофиқ эса 41 та оромгоҳда  қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилгани ҳолда жорий йилги мавсумга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятида “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод”, Хоразм вилояти “Автомобилчи” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, Давлат Солиқ қўмитаси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Баркамол”, “Асака” Акциядорлик тижорат банки томонидан Тошкент вилоятида “Асака” оромгоҳлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида оромгоҳлардаги ўринлар сони яна 450 тага кўпайди.

Соғломлаштириш ишларини доимий мувофиқлаштирувчи Штаб

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида ҳамда ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида мавсумнинг боришини доимий мувофиқлаштириб борувчи махсус Штаб фаолияти йўлга қўйилган.

Мавсумнинг ҳар бир навбатида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан ташкил топган Ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир ҳудуддаги оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва жойида амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи гуруҳлар таҳлилига асосан ҳар бир смена якуни бўйича ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳларнинг кенгайтирилган йиғилишлари ташкил этилиб, бу борадаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати