[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.07.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан «Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида илк маротаба «Энг яхши ишчи касб эгаси» танлови ўтказилмоқда.

Ишчи касбларни оммалаштириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, уларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, энг яхши халқаро ишланмаларни касбий таълим тизимига татбиқ этиш учун замин яратиш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 25 ёшгача бўлган ишчи мутахассислари ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этмоқдалар.

Бугунгача танловнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида ўзлари фаолият юритаётган корхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари, фермер хўжаликлари, қурилиш ташкилотлари, касб-ҳунар коллежларидаги юқори малакали устозлар томонидан тавсия этилган 2,5 минг нафарга яқин ёшлар қатнашди. Ўқувчи ва ишчи-ходимлар пайвандлаш, қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, қурилиш-пардозлаш ишлари, умумий қурилиш устаси, тикувчилик, тикув буюмлари ишлаб чиқариш, сартарошлик, косметология, ошпазлик каби кўплаб соҳаларда ўзлари эришган ютуқлар ва маҳоратини намойиш этишди. Жараёнда ёшлар янги дўстлар орттириб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди.

Айни кунда 3 босқич ва 7 та номинацияда ташкил этилган мазкур танловнинг республика босқичи беллашувлари бўлиб ўтмоқда. Хусусан, 18 июль куни Тошкент авиасозлик касб-ҳунар коллежида танловнинг «Пайвандлаш ишлари (механик) техниги» номинацияси ғолиблари аниқланди. Унга кўра Ўзбекис­тон Металлургия комбинати АЖ газ-электр пайвандчиси Артём Олхоликов 1-,Урганч касб-ҳунар коллежи битирувчиси Собиржон Рўзметов 2-, “Автотеххизмат” АЖ Тошкент ҳудудий ташкилоти пайвандчиси Шерали Жўраев 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар қимматбаҳо совға ва диплом билан тақдирланди.

— Танлов ғолиби бўлганимдан бениҳоя хурсандман, — деди 1-ўрин соҳиби Артём Олхоликов. — Келгусида билим ҳамда кўникмаларимни янада мустаҳкамлаб, халқаро даражада ҳам ўз касбимни дунёга танитиш, бу орқали Ўзбекистонда ишчи касблари имкониятларини кенгайтириш учун яратиб берилаётган  шароитларни намоён этиш ниятидаман. Биз ёшларга яратиб берилаётган улкан имконият ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.

Танловнинг «Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги», «Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси», «Умумқурилиш ишлари устаси», «Тикув ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи», «Ошпаз», «Сартарошлик ва декоратив косметика устаси» номинациялари бўйича беллашувлари 19-21 июл кунлари бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати