20.07.2016. 2016 йилнинг 20 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги II мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда, аввало, Федерациянинг 2016 йил I ярим йиллигидаги фаолият якунлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.
Унда, Федерация Кенгаши томонидан 2016 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси доирасида касаба уюшмалари тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан, касаба уюшмалари томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан мутасадди идора ва ташкилотларга 70 дан зиёд таклифлар тақдим этилди, меҳнат муҳофазасига доир 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ўрганиб чиқилди ва уларнинг 11 таси келишилди, 19 та идоравий норматив ҳужжат жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди.
Ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш берувчиларга киритилган 94 та тақдимнома, судларга киритилган 13 та даъво аризаси қаноатлантирилди, 7 та ҳолатда иш берувчи ўз ихтиёри билан ходимнинг ҳуқуқларини тиклаганлиги боис даъводан воз кечилиб, тарафлар ўртасида келишув битимлари тузилди.
Касаба уюшма органларига келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида 619 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланишига ва улар фойдасига 632,6 млн. сўм миқдордаги зарар ундириб берилишига эришилди. Касаба уюшмалари тизимидаги «Ишонч телефонлари»га ҳамда ҳудудий бирлашмаларда ташкил этилган «Жамоатчилик қабулхоналари»га мурожаат этган 330 та янги тадбиркорлик субъектларига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 52 мингга яқин оила ҳамда 46 мингдан зиёд фуқароларга жами 38 млрд. 659 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилиши таъминланди.
Янгидан ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этган ҳолда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди. Амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида қарийб 16,5 мингта хўжалик суъектида меҳнат қилаётган 104,4 минг нафардан ортиқ ходимлар касаба уюшмалари аъзолигига жалб этилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир туман ва шаҳарда коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини яратиш бўйича манзилли дастур асосида жойларда 2 минг 689 та янги иш ўрни яратилди. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 2,2 мингга яқин ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. 29,1 минг нафардан зиёд ёш оилалар вакиллари касаба уюшмалари ва иш берувчилар шериклигида моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 8 минг 546 нафар фарзандлари учун ўқув анжомлари олиб берилди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 8 минг 576 нафар аёлга 2 млрд. 223,2 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Кўп болали ҳамда олис ва чекка ҳудудларда мураккаб иқлим шароитида яшовчи 225 нафар аёл касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди.
Мазкур Давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 63 млрд. 51,4 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, касаба уюшмалари «Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури» бажарилишида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Федерация Кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ЁИҲ, Фанлар академияси, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда 14 та номинация бўйича «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловини ўтказиш юзасидан барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 15 майидан 15 июнига қадар бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда мазкур танловнинг биринчи босқичи ўтказилди, 30 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида танловнинг ҳудудий босқичи ташкил этилиб, ғолиблар муносиб равишда тақдирланди.
Ҳисобот даврида касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда 52,7 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари соғломлаштирилишига эришилди, уларнинг 43 фоизи имтиёзли равишда ўз саломатликларини тиклади.
Мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди ва айни дамда мавсум қизғин давом этмоқда.
Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилди. Хусусан, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш мақсадида жорий йилнинг 29 февралидан 5 мартига қадар Брюссель шаҳрига ташриф амалга оширилди.
Ўз навбатида, жорий йилнинг 30-31 март кунлари Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шарон Барроу раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи уюштирилди.
Халқаро меҳнат конференциясининг 105-сессиясида иштирок этиш доирасида ХМТ Бош директори Гай Райдер билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида ХМТ бош директори Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва кучли ижтимоий ҳимоя соҳаларида улкан ижобий натижаларга эришилганлигини қайд этди. Айниқса, бу борада самарали ижтимоий шериклик йўлга қўйилганлиги, ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилоти ўртасидаги ижтимоий мулоқотнинг муваффақиятли олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда ҳалқаро меҳнат стандартларининг жорий этилишида ижобий натижаларга эришилганлиги боис, бу тажрибанинг бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлишга лойиқ эканлигига урғу берилди. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шарон Барроу билан учрашув доирасида эса меҳнат муносабатлари соҳасида ўзаро алоқаларни кўзда тутувчи Меморандум имзоланди.
Мажлисда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари фаолиятидаги камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди ва бу борада мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда Федерация Кенгаши ва Федерациянинг Хотин-қизлар комиссияси таркибига айрим аъзоларнинг бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан тегишли ўзгартишлар киритилди.