[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Йилнинг энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими аниқланди

27.07.2016. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ўтказилмоқда. Айни кунларда 3 босқичда 14 номинация бўйича ташкил этилган мазкур танловнинг Республика тармоқ босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этишга кщмаклашиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишдир.

Куни кеча мазкур танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими” номинацияси бўйича Республика босқичи баҳслари ўтказилди. Унда мамлакатимиз озиқ-овқат тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган ёш озиқ-овқат саноати ходимлари беллашдилар.

Танловда ёш мутахассисларнинг соҳага жорий этилган янги ишланма ва лойиҳалари, улар натижасида эришилаётган ютуқлар, инновацион ишланмаларнинг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Энг муҳими тадбир орқали ёшларнинг янги ишланмалари юзага чиқарилди.

Нуфузли ҳакамлар хайъати томонидан танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими” номинацияси бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди. Хусусан, Дўстлик тумани «Нурли нон» МЧЖ ходими Ғайрат Шералиев 1-, Бухоро шаҳар «Кўк сарой» кондитер ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш раҳбари Фирдавс Сафаров 2- ва Зангиота тумани «Иззат» фермер хўжалиги иш юритувчиси Забихулло Зупаров 3-ўринни қўлга киритди. Ғолиблар Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда дипломлари билан тақдирланди.

— Саъй-ҳаракатларим юқори баҳоланиб, 1-ўринга лойиқ кўрилганидан жудаям шодман, — деди жиззахлик ўайрат Шералиев. — Ушбу рағбат ва имкониятлар янги ғояларга туртки беришига ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, танлов ташкилотчиларига  миннатдорлик билдираман

Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг        25 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Мазкур форумда энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантлар билан тақдирланадилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати