31.08.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида диёримизнинг ҳар бир ҳудудида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғоясини ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбирлар, “Маънавият соатлари”, учрашувлар ва Давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туманлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида қатор ижтимоий акциялар ўтказилмоқда. Хусусан, “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида республиканинг чекка қишлоқ туманларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг 4 060 нафар аёллари учун электр маиший техника жиҳозлари топширилди. “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида эса мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилалари моддий ва манзилли қўллаб-қувватланмоқда. “Касаба уюшмалари – ёшларга” акцияси доирасида эса ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 300 нафар иқтидорли талабага касаба уюшма стипендиялари топширилган бўлса, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган 140 нафар кўзи ожиз талаба ва ўқувчиларга махсус ўқув анжомлари тақдим этилди.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тармоқ тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида “Ким эдигу, ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз зарур?” мавзусида ўтказилган Давра суҳбати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, ташкилотчилар томонидан Мустақилликнинг қадрига етиш, истиқлол берган имкониятларга шукроналик туйғусини янада ошириш ҳар биримизнинг дилимиздаги мақсад эканлиги, Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган туб ўзгаришлар, турли соҳалардаги ютуқ ва муваффақиятларимизнинг жаҳон ҳамжияти томонидан ҳам эътироф этилаётгани барчамиз учун ғурур ва ифтихор бахш этиши алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати бугун ўзининг юксак самараларини бераётгани қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, турли соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқларимизнинг барчаси халқимиз турмуши даражаси ва сифатини ошириш қаратилганлиги билан янада аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Тадбирда мазкур йўналишлардаги ишларга касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури асосида ишлаб чиқилган Касаба уюшмалари Федерацияси тадбирлар дастурига мувофиқ қандли диабет касаллигига чалинган репродуктив ёшдаги аёллар ва туғма эшитиш қобилияти паст бўлган болаларга ёрдамчи техник воситалар, глюкометр ҳамда эшитиш аппаратлари топширилди.
– Бугунги тадбирдан мақсад жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизлар ва қанд касаллигига чалинган репродуктив ёшдаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу орқали соғлом онадан соғлом бола тамойили аосида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшишдир, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев. – Хусусан, бугун тақдим этилган глюкометр ёрдамида қон таркибидаги беморлар қанд миқдорини 30 сонияда аниқлаш имконига эга бўладилар. Шунингдек, эшитиш қобилия паст бўлган болаларнинг хаётга бўлган қизиқишларини ошириш орқали ёш оналар ва болаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга кўмаклашишни мақсад қилганмиз.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси янада яхшиланишини таъминлаш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилмоқда.
Жойларда, меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” мавзусидаги байрам тадбирларида аҳолига, турли соҳа ходимлари, айниқса ёшларга мамлакатимизда Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ҳар бир соҳада эришилаётган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти етказилмоқда.
Тадбир иштирокчилари бундай доруломон кунлар аввало, мамлакатимиздаги барқарор тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик, муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсатлари натижаси эканлигини эътироф этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати