19.09.2016. «Бухорогазсаноатқурилиш» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Раҳим Аминов жамият тасарруфидаги корхоналар фаолияти тўғрисида фикр юритар экан, меҳнат жамоаларининг тараққиёт босқичига киргани-ю, долзарб жараёнда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси борлигини аниқ мисоллар асосида кўрсатиб берди. Сўнгра, бир қатор намунали бошланғич ташкилотларни тилга оларкан, «Махсус монтаж ва механизация» унитар корхонаси фаолиятига алоҳида урғу берди.
— Бу корхона акциядорлик жамиятимизда етакчи ўринни эгаллайди, — деди Р. Аминов. — Замонавий техника ва технологияларга, малакали ишчи-мутахассисларга эга ушбу жамоа йирик объектларда катта ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириб келаяпти. Эришилаётган меҳнат зафарларида тиниб-тинчимас, ташаббускор, касаба уюшма аъзоларининг етакчи ва ғамхўри Ольга Понкратованинг хизматлари беқиёс.
Дарҳақиқат, «Махсус монтаж ва механизация» унитар корхонаси Бухородаги номдор жамоалардан бири. Бунёдкорлик ишлари билан банд 460 нафар ишчи-ходимнинг ҳар бирини ўз касбининг моҳир устаси, десак асло янглишмаймиз. Улар Қорақалпоғистон Республикасининг Шарқий Бердақ нефт конида, Муборак газни қайта ишлаш заводида янгидан қурилаётган йирик блокларда, Газли шаҳрини сув билан таъминлаш участкаларида, Бухоро ва Навоий вилоятларида бунёд этилаётган намунавий уй-жойларни газлаштириш жараёнларида фидойилик кўрсатмоқда.
Корхона касаба уюшма қўмитаси фаолиятидан барча мамнун. Энг аввало, вахтада ишловчиларнинг меҳнат шароитлари тубдан яхшиланган. Даштдаги объектларда шинам ва қулай вагон уйлар, дам олиш, ювиниш хоналари зарур тиббий хизмат, спорт майдончалари ташкил этилган. Ходимлар бепул иссиқ овқат билан таъминланган. Ойлик маошлар вақтида тўлаб борилади. Меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатганлар эса маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси томонидан рағбатлантирилади.
— Жамоамизда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва ходимлар малакасини оширишга жиддий эътибор билан қаралади, — дейди меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси муҳандиси Насофат Расулова. — Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан мажбурий суғурта қилиш қоидаларига мувофиқ ишловчилар тегишли даражада муҳофаза қилинган.
Ходимнинг меҳнат шароитини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида иш ўринларини аттестация қилиш муттасил амалга оширилмоқда. Оғир ва хавфли ишлаб чиқаришда ишлаб келаётган ишчи-мутахассислар эса бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, махсус ўқув курсларида иккинчи мутахассислик бўйича ўқитилди.
Маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016 — 2018 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасида ходимлар ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларининг ҳимоя қилинишида янги қарорлар ўз аксини топган. Чунончи, Соғлом она ва бола йилида жамоада меҳнат қилаётган 3 ёшгача боласи бўлган аёллар учун иш ҳақи сақланган ҳолда ҳафтада бир кун қўшимча дам олиш жорий этилган. Ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун дам олиш уйи ва санаторийларга ажратилаётган йўлланмалар сони тобора кўпаймоқда. Шароитига қараб, айрим ходимлар ва меҳнат фахрийларига бепул йўлланмалар бериляпти.
Корхонада спорт зали мавжуд бўлиб, бу ерда машғулотлар мунтазам равишда ўтказилади. Нуфузли мусобақаларга тайёргарлик акциядорлик жамияти ҳузуридаги «Чайка» спорт мажмуасида олиб борилади. Бундай ҳаракатлар натижасида корхона жамоаси мини футбол, стол тенниси, шахмат-шашка беллашувларида турдош корхоналар ўртасида пешқадамликка эришиб келаяпти.
Акциядорлик жамиятига қарашли Жиззах вилояти Зомин туманининг хушманзара гўшасида жойлашган «Бухорои Шариф» ва Бухоро вилоятидаги «Тўдакўл» сув омбори ҳудудидаги дам олиш масканлари ишчи-ходимлар ва уларнинг оилалари самарали фойдаланишади. Муҳими, барча харажатлар маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан қопланади. Шунингдек, ходимлар фарзандлари ёз мавсумини Бухородаги «Нефтчи», «Мовий гулхан» ва Тошкентдаги «Чотқол» болалар оромгоҳларида яйраб ўтказишади.
Қарс икки қўлдан деганларидек, маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлари ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини мамнун этаётир.