22.09.2016. Айни кунларда республикамиз ҳудудларида «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбирининг қуйи босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган мазкур анъанавий тадбир меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилигини ошириш, уларнинг ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, бу орқали меҳнат унумдорлигини янада ошириш мақсадларига қаратилган.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда барча меҳнат жамоалари иштирок этиши мумкин. Номзодлар муайян бир соҳада кўп йиллар меҳнат қилган тажрибали мутахассислар орасидан танлаб олинади. Бунда уларнинг соҳани ривожлантириш борасидаги изланувчанлиги, эришган ютуқлари, илгари сурган ташаббуслари, ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб, шогирдлар тайёрлашдаги саъй-ҳаракатлари, меҳнат жамоасидаги обрў-эътибори ва жамоатчилик ишида фаоллиги асосий мезонлар ҳисобланади.
«Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбирлари куни кеча Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти, Китоб туман кенгаши тизимидаги ташкилотларда ҳам бўлиб ўтди. 300 нафарга яқин номзодлар орасидан саралаб олинган 60 нафар ўз касбининг моҳир эгаси муносиб рағбатлантирилди ҳамда навбатдаги босқичга йўлланма олди.
– Ёшлигимдан деҳқончиликка қизиққанман, – дейди танлов ғолибларидан бири – Китоб туманидаги «Нуриддин Раҳмонов» фермер хўжалиги раҳбари, 78 ёшни қаршилаган Нуриддин бобо Раҳмонов. – Мана шу соҳада меҳнат қилаётганимга ҳам 50 йил бўлибди. Касбимга меҳрим баландлигидан пенсияга чиқсамда, уйда ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Ер билан тиллашишда давом этиб, халқимиз севиб истеъмол қиладиган Дашнобод аноридан кўчатлар тайёрладим. 2001 йилда мамлакатимиз мустақиликнинг 10 йиллигига бағишлаб Мустақиллик боғини барпо этдим. Боғ атрофида гулзорлар ташкил қилдим. Бугун боғ шиғил ҳосилга кирган. Оила аъзоларимиз билан бирга элимиз дастурхони тўкин бўлишига ўз ҳиссамизни қўшаётгинимиздан жуда бахтиёрман.
Нуриддин бобо ўз сўзларини Мустақиллик берган неъматларга шукроналик билан давом этирди. Хусусан, у киши Мустақиллик йилларидагина деҳқоннинг косаси оқарганини, фермер номи остида қадр топганини алоҳида таъкидлади.