23.09.2016. Аҳолини, хусусан, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи устувор вазифалардан биридир. Сўнгги йилларда касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш, хоҳиш ва лаёқати бўлганларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсатининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ҳар бир туман, шаҳарда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида коллеж битирувчилари учун 25 тадан иш ўринлари яратиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Фориш туман кенгаши томонидан ҳудуддаги тармоқ касаба уюшма ташкилотлари билан ҳамкорликда дастур ишлаб чиқилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Қисқа фурсатда туман ҳокимлиги ҳамда тармоқ туман кенгаши ҳамкорлигида уч нафар коллеж битирувчисига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида янги иш ўрни яратилишига эришилди. Шу тариқа коллеж битирувчилари Суннатбек Жумабеков сартарошлик соҳасида, Жасур Мамасолиев чакана савдо-сотиқ хизмат тури бўйича, Диёрбек Узоқов телекоммуникациялар йўналишида фаолиятини бошлаб юборишди.
— Келгусида маҳсулот тури ва миқдорини кўпайтириш, қўшимча иш ўринлари яратишни мақсад қилганман, — дейди ёш тадбиркор Д.Узоқов. — Фаолиятимни йўлга қўйишда менга яқиндан ёрдам берган касаба уюшмаси мутасаддиларидан миннатдорман.
Туманда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш ўринларини яратиш, уларни хусусий тадбиркорликка жалб этиш, битирувчилар учун кредитлар олиш борасидаги имтиёз ва қулайликлар билан таништириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашув ва семинарлар ташкил этилмоқда.