19.10.2016. 2016 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ўтказилди.
Унда кун тартибидан ўрин олган дастлабки масала юзасидан республика касаба уюшма ташкилотларининг 2016 йил 9 ойи давомидаги фаолияти тахлил этилди.
Мажлисда таъкидланганидек, касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари ижроси доирасида ҳисобот даврида меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этилди. Хусусан, ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан 100 дан зиёд таклифлар берилди.
Касаба уюшмалари мутахассислари “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги ҳамда янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этдилар. Мазкур Қонунлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилинди.
Ҳисобот даврида меҳнаткашлардан тушган жами 5 минг 300 га яқин мурожаат кўриб чиқилиб, 1052 нафар шахснинг меҳнат ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Жамоа шартномалари орқали олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1 минг 804 нафар талаба шартнома пулларининг бир қисми қопланди, 1 минг 432 та корхонада 10 мингдан зиёд ёш ходимлар бошқа касбга ўргатилди ва малакаси оширилди. 1 минг 663 та корхона ва ташкилотда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатаётган 3 минг 229 нафар устоз-ходимлар рағбатлантирилди.
Шунингдек, 1 минг 426 нафар ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилишига, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатиб, корхонада биринчи йил меҳнат қилаётган 1 минг 80 нафар ёш мутахассисга қўшимча ҳақ белгиланишига эришилди.
Жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тадбирларнинг қарийб 80 фоизи амалга оширилди. Меҳнат муҳофазаси бўйича корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, иш берувчиларга 3 мингдан ортиқ тақдимномалар киритилди.
Жамоатчилик назорати доирасида ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда 136 мингдан зиёд янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотлар тақдим этилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида жтимоий муҳофазаталаб шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларига 53 минг 304 нафар фуқаро ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди. Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари томонидан ҳар бир туман, шаҳарда хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини яратиш бўйича манзилли дастур асосида жойларда 4 минг 796 та янги иш ўрни яратилди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат ва Федерация Кенгаши дастурлари доирасида жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратиш, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув анжомлари сотиб олиш, икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
«Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури» ижросини таъминлаш доирасида касаба уюшмалари томонидан Меҳнат ва Адлия бошқармалари билан ҳамкорликда жойлардаги 3 мингга яқин корхона ва ташкилотларда давра суҳбатлари ўтказилди. Федерация Кенгаши томонидан бир қатор мутасадди идора ва ташкилотлар иштирокида «Ёш мутахассислар» IV республика Форуми, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси”, “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танловлари ўтказилди.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда 83 минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари соғломлаштирилишига эришилди, уларнинг қарийб 50 фоиздан ортиғи имтиёзли равишда ўз саломатликларини тикладилар.
Ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида эса мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда республика бўйича жами 1 минг 214 та оромгоҳда 303 минг 650 нафар бола дам олдирилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2016 йилга мўлжалланган Манзилли дастур доирасида «Автомобилчи», «Сурхон-Бешбулоқ-Шеробод» оромгоҳларини реконструкция қилиш ҳамда янги «Амударё соҳили» оромгоҳини қуриш бўйича амалий ишлар олиб борилди.
Тизимдаги сиҳатгоҳлар ва тиббий муассасаларда дам олувчилар ҳамда даволанувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Даволаш-профилактика маркази учун қўшимча 30 ўринли ётоқхона, «Турон» санаторийсида 350 ўринли ошхона қуриш, «Умид гулшани» санаторийсида ошхона ва маданий тадбирлар ўтказиш учун зал барпо этиш, янги «Термиз марвариди» санаторийсини қуриш, «Ситораи Мохи Хоса» санаторийсини жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Раёсат мажлисида касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар томонидан жойларда сайёр қабулларни ўтказиб бориш орқали ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган меҳнат низоларини жойида ҳал қилиш масаласига эътиборни кучайтириш, янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилганлигини ўрганиш ишларини янада такомиллаштириш, коллеж битирувчиларининг иш ўринларида қўнимлилигини ўрганиш ишларини изчил давом эттириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар, ташкилот, муассасаларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш ишларини янада кучайтириш масаласига алоҳида тўхталинди.
Мажлисда, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раисларининг юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан ахборотлари тингланди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилиниши муносабати билан касаба уюшмалари тизимида амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди.
Раёсат йиғилишида замон билан ҳамнафас бўлиш, бунинг учун фаолият самарадорлигини янада ошириш, эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилиш масаласи доимий диққат марказида бўлиши, бу галдаги вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлаши алоҳида қайд этилди.
Раёсат йиғилишида фаолиятга оид яна бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.