24.11.2016. 2016 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Бишкек шаҳрида МКП-ВЕРС ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Субминтақавий бюроси томонидан норасмий бандлик мавзусидаги семинар ўтказилди.
Унда Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги мутахассислари иштирок этдилар. Тадбирдан кўзланган мақсад – минтақа касаба уюшмалари аёллар тармоғининг ХМТ ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг норасмий иқтисодиётни бартараф этиш борасидаги фаолиятидан хабардорлигини ошириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашишдир.
Тадбирда Ўрта Осиё мамлакатлари касаба уюшмаларининг мазкур йўналишда олиб бораётган ишлари билан танишилди.
Семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар Кенгаши вакиллари томонидан Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланаётгани, бу – нодавлат сектори ходимлари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор талаб этиши таъкидланди. Бундан келиб чиққан ҳолда мамлакатда хусусий тадбиркорлар томонидан ёлланаётган ходимлар расмий бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини янада такомиллаштиришга юксак эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Хусусан, 2016 йил октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоялаш ва республикадаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган комплекс тадбирлар дастури тасдиқланганлиги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритилганлиги, натижада вақтинчалик, бир марталик, мавсумий ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш учун қонуний асос яратилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга муносиб иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ва мазкур иш ўринларида ходимларнинг ижтимоий ҳимояланланганлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шу мақсадда жамоа музокараларини олиб бориш, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибини кенгайтириш орқали турли соҳа ходимлари, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларга ижтимоий имтиёз ва кафолатлар берилмоқда ва улар кўлами кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда иш берувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар томонидан ходимни ишга қабул қилишда меҳнат муносабатларининг тўғри расмийлаштирилиши борасидаги ижтимоий ҳамкорлик кучайиб бораётгани, бу норасмий бандликка йўл қўйилмаслигини таъминлаётгани таъкидланди.