[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.12.2016. Бугунги кунда бутун дунёда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, иш жараёнида ҳар томонлама мақбул шароитлар яратиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш билан боғлиқ илғор ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили меҳнат фаолияти билан боғлиқ 160 миллионга яқин кишининг касб касалликларига чалиниши кузатилмоқда. Дунёда жами ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг умумий сони 270 миллионга етганлиги бу борадаги муаммоларнинг ўта долзарб эканлигини кўрсатиб турибди.

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан  мамлакатимизнинг барча корхона, ташкилот ва муассасаларида ходимларга мазкур Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирларда бири Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси касаба уюшма қўмитаси томонидан ўтказилди. Унда ходимлар ўртасида янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, республика, тармоқ ва ҳудудлар даражасида меҳнат муҳофазасини тўғри ташкил қилишда иш берувчилар билан бирга ходимларнинг ҳам масъулиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Мазкур йўналишлардаги ишларни амалга оширишда Бош бошқарма маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг Меҳнат муҳофазаси бўйича Битими муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Битимга кўра тегишли тартибда ходимлар гигиена воситалари, махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланмоқда.

Бош бошқармада ходимларни дастлабки ва кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси бўйича тегишли ходимларини ўқитиш, улар ўртасида техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқув, семинарлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши барча соҳалар каби банк тизимида ҳам меҳнатни муҳофаза этишга оид муносабатларнинг мустаҳкамланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.